Қозоғистонда қизамиққа чалиниш ҳолати кескин ошиб кетди
Олам
−
25 Октябрь 2023
4292Қозоғистонда қизамиққа чалиниш ҳолати кескин ошиб кетди. Сўнгги бир ҳафта ичида касалланганлар сони 30 фоизга ошди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг “Хабар-24” телеканали Соғлиқни сақлаш миллий маркази маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 10 мингга яқин касаллик ҳолати қайд этилган бўлиб, уларнинг 80 фоизи 14 ёшгача бўлган болалардир. Энг кўп ҳолатлар республика жанубида – Олмаота ва Жамбил вилоятларида кузатилган.
“Касалланишнинг кўпайиши болаларнинг режалаштирилган эмлашни ўтказиб юборгани билан боғлиқ”, дейди марказ вакили Жанибек Эрбоев.
Жорий йилнинг 20 октябрь куни Бойқўнғир маъмурияти Қозоғистонда қизамиқ касаллиги авж олгани сабабли республика жанубида жойлашган мажмуага хавф туғилгани ҳақида хабар берган ва шу сабабли шаҳарда эмлаш тадбирлари кучайтирилган эди. Қозоғистонлик эпидемиологлар қизамиқ билан касалланишнинг энг юқори чўққиси кузнинг охирига тўғри келишини тахмин қилмоқда.
Маълумот ўрнида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси рўйхатига кирувчи давлатларининг 17 тасида 2023 йил бошидан қизамиққа чалиниш кўрсаткичлари ўса бошлаган. Жумладан, февраль ойи сўнгига келиб 900 та шундай ҳолат рўйхатга олинган ва бу 2022 йилга нисбатан сезиларли даражада юқори.