Қозоғистонда икки фуқарода коронавирус аниқланди
Олам
−
13 Март 2020
10913Ўзбекистоннинг яқин қўшниси Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ бирданига икки ҳолат қайд этилди. Маълумотларга қараганда, Германиядан қайтган фуқаролар коронавирусга чалингани аниқланган. Улар Олма-ота шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов хабар берган.
"Бугун, чуқур текширувлардан сўнг икки фуқаромизда коронавирус аниқланди. Германиядан келган Қозоғистон фуқаролари тестларни топширди ва уларда коронавирус қайд этилди", дейди вазир.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли уни эпидемия эмас, пандемия деб эълон қилди. Бу вирус бир эмас, бир нечта давлатларни тўлақонли қамраб олганда эълон қилинадиган ҳолат ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди. Вирус бугунгача 127 давлатга кириб борди.
Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.
Айни вақтга қадар коронавирус билан хасталанганлар дунё миқёсида 135 063 кишини ташкил этмоқда. 4 990 киши вирусдан вафот этди. Шунингдек, 70 405 киши ушбу хасталикдан фориғ бўлди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15