Қозоғистонда Google фойдаланувчиларининг маълумотлари тарқалиб кетди
Олам
−
10 Сентябрь 3363 2 дақиқа
Қозоғистон Бош прокуратураси Google фойдаланувчиларининг маълумотлари сизиб чиқаётгани аниқлангани ҳақида хабар берди ва зудлик билан паролларни алмаштиришни ҳамда “Google ходимлари” деб ўзини таништирган шахслардан келадиган қўнғироқларга ишонмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда прокуратурага таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисоблар қўмитасининг Жиноятчилик таҳдидлари ва жамоат хавфсизлиги хатарларини прогноз қилиш маркази томонидан жаҳон интернет маконини мониторинг қилиш давомида Google маълумотлар базаси бузилиши ва Gmail фойдаланувчиларининг маълумотлари сизиб чиқиши билан боғлиқ хавф аниқланган.
“ShinyHunters гуруҳи Gmail аккаунтларининг 2,5 миллиардгача бўлган қисмига оид контакт маълумотлари ва компания номларига эга бўлди, гарчи пароллар бевосита ўғирланмаган бўлса ҳам. Ҳужум ижтимоий муҳандислик ёрдамида амалга оширилган. Жиноятчилар ўзларини IT-хизмат кўрсатиш ходими сифатида таништириб, Google ходимига қўнғироқ қилган ва уни зарарли иловани авторизация қилишга мажбур қилган”, дейилади хабарда.
Маълумотларнинг сизиб чиқиши бутун дунё бўйлаб, жумладан, Қозоғистон фойдаланувчиларига ҳам таъсир кўрсатган. Ғайри ниятли шахслар ўғирланган маълумотлардан нишонга олинган фишинг ва телефон орқали ҳужумлар ўтказиш учун фойдаланиши мумкин. Аллақачон шундай ҳолатлар қайд этилганки, унда фирибгарлар ўзларини Google ходимлари сифатида таништириб, 650 кодли (Google штаб-квартираси жойлашган Калифорния минтақаси) рақамлардан қўнғироқ қилган ва Gmail паролларини тиклашни талаб қилган. Бундай қўнғироқларнинг мақсади – икки факторли аутентификация кодлари, пароллар ёки аккаунтларга тўғридан тўғри кириш ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг июнь ойида 16,3 миллион қозоғистонликнинг шахсий маълумотлари интернетга сизиб чиққанди. Улар орасида тўлиқ исмлар, туғилган саналар, IIN (шахсий идентификацион рақам), яшаш манзиллари, мобил, ишчи ва уй телефон рақамлари мавжуд.