Қозоғистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Олам
−
05 Январь 2022
19710Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши ортидан бошланган намойишлардан кейин Манғистау вилояти ва Олмаота шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. Бу ҳақда Президент сайтида хабар берилди.
Фавқулодда ҳолат жорий йилнинг 5 январь куни соат 01:30 дан 19 январь соат 00:00 гача давом этади.
Тўқаев намойишчиларга мурожаат қилиб, жамият бирлигини бузишдан манфаатдор бўлган “бузғунчи шахслар” даъватларига амал қилмасликни сўради.
“Намойишчилардан жамиятимиз барқарорлиги ва бирлигига путур етказишдан манфаатдор бўлган бузғунчи шахсларнинг чақириқларига эргашмасликни сўрайман. Ижтимоий-иқтисодий характердаги бошқа талаблар, жумладан, эртага пойтахтда бўлиб ўтадиган йиғилишда алоҳида кўриб чиқилади”, деб ёзди Тўқаев Twitter’даги саҳифасида.
Қозоғистоннинг қатор шаҳарларида 1-январдан газ тарифларининг ошиши сабаб бир неча кун кетма-кет норозилик намойишлари давом этмоқда. Қозоғистон Энергетика вазирлиги ёқилғи нархининг кўтарилишини йил бошидан савдонинг товар биржаларига ўтиши билан изоҳлади.
Ижтимоий тармоқларда намойишчиларнинг беғараз ҳаракатлари акс этган видео тарқалмоқда.
Видеолардан бирида намойишчилар полиция машинасини босиб олиб, силкитаётганини кўриш мумкин. Видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кадрларда намойишчиларнинг баъзилари тартибсизликка сабаб бўлаётганларни қандай тинчлантиришга уринаётгани кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Қозоғистон Президенти Матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари бугун, 5 январь куни “мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият” мавзусида ишчи учрашув ўтказади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь