Қозоғистонда энг йирик онлайн казинолар тармоғи тугатилди
Олам
−
15 Январь
4118Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси Бош прокуратура билан биргаликда мамлакатда лотерея клублари ниқоби остида фаолият юритувчи энг йирик ноқонуний онлайн-казинолар тармоғини тугатди. Бу ҳақда “Polisia.kz” хабар берди.
Махсус операцияда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг 3 мингдан ортиқ ходими иштирок этган.
“Жиноятчилар қимор ўйинларига ҳомийлик қилган, шунингдек, лотто-клублари ходимлари ва мижозларига нисбатан жиноят содир этган. Ноқонуний қимор ўйинларидан ташқари, қўриқчилар ва маъмурлар VIP мижозлар учун интим хизматларни ташкил қилишган. Пимпинг ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш фактлари қайд этилган. Махсус операция давомида 400 дан ортиқ одам полицияга олиб кетилди. Жиноий схеманинг саккизта асосий ташкилотчиси, жумладан, яқин ва узоқ хориж фуқаролари қўлга олинди”, дейди Қозоғистон Республикаси ИИВ уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Куандик Алпис.
Бутун мамлакат бўйлаб лотто-клублари бинолари ва офисларида 570 та тинтув ўтказилган.
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан 23 дона ўқотар қурол ва травматик қуроллар, 247 миллион тенге (546,5 минг доллар), 55 миллион Россия рубли, 125 минг доллар, шунингдек, бошқа ашёвий далиллар мусодара қилинган.
Амалиёт натижасида республика бўйлаб 326 та лото клуби фаолиятига чек қўйилган. Шунингдек, Қозоғистонда хориждан онлайн казинолар трансляция қилинадиган серверлар ўрнатилган ва блокланган.
Маълум бўлишича, администраторлар ўйинлар натижасини қўлда тартибга солишлари мумкин бўлган. Илгари ўтказилган экспертиза ҳибсга олинган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тасдиқлаган.
“Суддан олдинги тергов шуни кўрсатдики, лото клубларининг ойлик умумий фойдаси фақат битта ҳудудда ўртача 300 миллион тенге (663,8 минг доллар), мамлакатнинг барча ҳудудларидан мос равишда 6 миллиард тенге (13,2 миллион доллар)ни ташкил қилган. Шу билан бирга, маблағларнинг қарийб 70 фоизи хорижга ўтказилган. Ташкилотчилардан фақат бирининг банк ҳисоб рақамига ҳар ой 900 миллион тенге (1,9 миллион доллар) тушган”, дейди Куандик Алпис.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчилар уюшган жиноий гуруҳ тузиш, унга раҳбарлик қилиш ва унда иштирок этишда айбланмоқда.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистонда 350 мингга яқин шахслар қимор ўйинларига қарам бўлиб, ҳар бирининг ўртача қарзи тахминан 10 миллион тенге (22 минг доллар)ни ташкил қилади.
LiveБарчаси