Қозоғистонда энди наркосавдогарлар умрбод қамалиши мумкин
Олам
−
02 Январь
1439Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев парламент томонидан тасдиқланган наркотик моддалар ишлаб чиқарганлик ва сотганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ушбу қонунга кўра, айбдор шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Шу билан бирга. наркотик моддаларни яширган шахсларга нисбатан жазо енгиллаштирилади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қонун наркотик моддаларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сотиш жинояти учун жавобгарликни оширади. Ушбу жиноятлар учун энди 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси, шунингдек, мол-мулкни мусодара қилиш жазоси тайинланади.
Таълим муассасалари ва вояга етмаганлар орасида наркотик моддаларни тарқатиш билан шуғулланган шахсларга ҳам қаттиқ жазо белгиланган. Ушбу жиноят учун айбдорларга 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкни мусодара қилиш жазоси қўлланилади.
Қонун мансабдор шахслар томонидан наркотик моддалар тарқатиш учун жавобгарликни ҳам кучайтирди. Аввал ушбу жиноят учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган бўлса, энди бу жазо 15 йилдан 20 йилгача бўлиб, мол-мулкни мусодара қилиш жазоси ҳам қўлланилади.
Қонун наркотик моддаларни яширган шахслар учун жазони енгиллаштирди. Агар биринчи марта ва оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса, жазо муддати 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкни мусодара қилиш сифатида белгиланади. Аввал бу жазо 5 йилдан 10 йилгача эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда наркотик моддаларга оид жиноятларда иштирок этган давлат хизматчилари умрбод қамалиши мумкинлиги хабар қилинганди. Ушбу ташаббус Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлис депутатлари томонидан илгари сурилган бўлиб, ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланган.
LiveБарчаси