Қозоғистонда банкка ҳужум қилган шахс гиёҳванд бўлиб чиқди
Олам
−
19 Июнь 2023
5165Кеча, 18 июнь куни Остона шаҳрининг Дўстлик кўчасида жойлашган “Каспи” банк филиалининг етти нафар ходимини гаровга олган Алихон Муродов 2013 йилдан буён гиёҳванд сифатида рўйхатга олингани маълум бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Билдирилишича, Алихон Муродовга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 261-моддаси (“гаровга олиш”) бўйича терговга қадар текширув бошланган. Қўлга олинган шахс 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, 18 июнь куни соат 13:51 да номаълум шахс банк филиалига бостириб кириб, қуролга ўхшаш буюм билан қўрқитиб, етти кишини гаровга олган. Воқеа жойига полиция, шаҳар ҳокимияти, прокуратура ходимлари етиб борган. Музокараларни республика ички ишлар вазири Марат Ахметжанов олиб борган. Унинг сўзларига кўра, эркак турли талабларни илгари сурган, хусусан, қариндошларига ёрдам бериш ҳақида гапирган. 16:35 га келиб Ахметжанов ҳужумни бошлашга буйруқ берган.
Махсус кучлар операцияни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида амалга оширган. 30 ёшли эркак қўлга олинди, банк ходимлари қўйиб юборилди.
“Гаровга олинганлар ва босқинчилардан ҳеч бири жабрланмади”, дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.
Кейинчалик ҳужумчи ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бу 1993 йилда Жамбил вилоятида туғилган Алихон Муродов бўлиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 июнь куни Остонадаги “Каспи” банки филиалида етти нафар аёл ва бир қўриқчи қуролланган шахс томонидан гаровга олинганди. У банкнинг барча активларини ногирон болалар, камбағал ва муҳтожлар фондига ўтказишни талаб қилган. Кейинчалик Алихон Муродов полиция томонидан қўлга олинган ва унинг кредит билан боғлиқ муаммолари борлиги ҳақида маълумотлар тарқалган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь