Қозоғистонда аёллар учун иш кунини қисқартириш таклиф этилмоқда
Олам
−
07 Ноябрь 2024 2766 2 дақиқа
Қозоғистонда аёлларнинг болаларни тарбиялашини таъминлаш мақсадида уларнинг иш кунини қисқартириш таклиф қилинди. Бу ҳақдаги таклиф кеча, 6 ноябрь куни парламент мажлисида депутат Каракат Абден томонидан илгари сурилди.
Қайд этилишича, парламент ялпи мажлисида Абден сиёсий соҳада аёллар етакчилигини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, мамлакатда ҳали сезиларли ўзгаришлар кузатилмаётганини қайд этган. У Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг гендер тенгликка нафақат мақсад сифатида қараш, балки уни кундалик ҳаётда амалга оширилиши керак бўлган асосий тамойилга айлантириш кераклиги ҳақидаги сўзларини ҳам таъкидлаган.
“Гендер тенглиги масалалари бўйича миллий мониторинг тизимини жорий этишни, гендер квоталарини белгилашни ва аёлларнинг раҳбарлик лавозимларида иштирокини оширишни таклиф этамиз”, деди депутат.
Шу билан бирга, у аёлларни бундай лавозимларга тайинлаш фақат уларнинг профессионал сифатлари ва малакасига асосланган ҳолда амалга оширилиши зарурлигини билдирган.
Бундан ташқари, депутат давлат хизматининг барча даражаларида ва квазидавлат секторда аёллар етакчилигини ривожлантиришга қаратилган дастурларни яратишни таклиф этган.
Билдирилишича, мажлисда энг кўп муҳокама қилинган таклифлардан бири Скандинавия мамлакатлари амалиётига ўхшаш тарзда аёллар учун қисқартирилган иш кунини жорий этиш бўлган.
“Бу аёлларга оилага ва болаларни тарбиялашга кўпроқ вақт ажратиш имконини беради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Абден 24 соат фаолият кўрсатувчи болалар боғчалари ва иш жойларида болалар хоналарини ташкил этиш, шунингдек, туғруқ таътилини икки йилгача узайтиришни таклиф этган.
Live
Барчаси