Қозоғистонда АҚШ ҳарбий базаси пайдо бўладими? Тўқаев жавоб берди

Олам

image

Қозоғистонда Америка ҳарбий базасини қуриш масаласи муҳокама қилинмайди ва кун тартибида эмас. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 3 июнь куни маълум қилди.

"АҚШнинг Қозоғистонда ҳарбий базасини қуриш масаласи муҳокама қилинмайди ва кун тартибида эмас. Шу билан бирга, Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик энергетика, инвестиция, технология каби стратегик соҳаларда муваффақиятли ривожланмоқда", деди у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Нур-Султон ва Вашингтон қуролсизланиш ва ядровий қуролларни тарқатмаслик борасида доимий алоқада бўлиб турибди.

"Биз Олма-отадаги собиқ вабога қарши институт базасида биологик хавфсизлик соҳасида ишладик. Аммо шартноманинг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли, америкаликлар лабораторияни тарк этишди. Бюджетимиз ҳисобидан у ерда фақат қозоғистонлик мутахассислар ишлайди”, деб таъкидлади давлат раҳбари.

Жорий йилнинг май ойи бошида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ОАВни мамлакатдаги биологик лабораториялар фаолияти тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқатишда айблаган эди. Ўз навбатида, вазирлик республикада биологик қуролларни ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмаётганлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қозоғистон

Баҳолаганлар

283

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг