Қозоғистон урушга тайёрланяптими? Мамлакатда янгича сафарбарлик жорий этилмоқда

Олам

image

Қозоғистонда 2025 йилда ҳарбий хизматнинг янги тури бўлган захира хизмати пайдо бўлиши мумкин. Тегишли ўзгартиришлар киритилган қонун лойиҳаси бугун, 15 ноябрь куни парламентнинг ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилади. Бу ҳақда “Эл” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳга депутат Эрмурат Бапи бошчилик қилмоқда. 

“Агар биз ушбу қонунни қабул қилсак, бизда тўғридан-тўғри сафарбарлик бўлади. Ҳарбий рўйхатга олиш ва қабулхоналар орқали эмас. Захирадаги ҳарбий хизматчи, сигнал берилган куннинг ўзида, уруш шароитида ёки бирон бир хавф туғилганда, дарҳол ўзи илгари тайёргарликдан ўтган ҳарбий қисмга келиши мумкин. У келади ва ўша ерда жанговар миссияни бошлайди”, деб тушунтиради депутат.

Лойиҳага кўра, Қозоғистон Республикаси фуқаролари ихтиёрий равишда 18 ёшдан 50 ёшгача (бу аскар ва сержантларга тегишли), офицер сифатида эса 60 ёшгача бўлган фуқаролар захирага қабул қилинади. Захирачилар билан шартнома уч йилга мўлжалланган. Фақат тиббий комиссия ва махсус кўрикдан ўтганлар захирага олинади. 

“Zakon.kz” нашрининг аниқлик киритишича, захирага олинувчилар ҳарбий хизматни ёки қисқа муддатли ҳарбий тайёргарлик курсларини тамомлаган, шунингдек, олий ўқув юртларининг ҳарбий кафедраларида таҳсил олган шахслар бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ҳарбий қисмларда захирадаги аскарлар ўқитилиб, уларга қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар ажратилади. Улар фақат ўз вилояти ҳудудида хизмат қилади.

Эрмурат Бапининг аниқлик киритишича, захирадаги аскарлар тинчлик даврида одатдагидек яшаб, ишлайди. Шу билан бирга, улар ҳар ойда фаол бўлинмаларда қисқа муддатли, шунингдек, Мудофаа вазирлиги буйруғи билан 30 кунлик ўқув йиғинларида қатнашади. Дарслар давомида улар хизмат қилган кунлари учун энг кам иш ҳақини олади. 30 кунлик ўқув йиғинлари даврида эса ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

“Дастлабки босқичда расмийлар икки мингга яқин одамни ёллаш ниятида. Келажакда армия эҳтиёжларидан келиб чиқиб, захирадагиларни жалб қилиш кўпаяди”, дея қўшимча қилади депутат. 

Шунингдек, аёллар ҳам захирада алоқачи, тиббиёт ходими, молия мутахассиси ва логистика ходими сифатида хизмат қилиши мумкин. Уларни ёллаш учун йилига 3,5 миллиард тенге (75,1 миллион АҚШ доллари) дан ортиқ маблағ талаб қилинади.

Маълумот учун, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги захирадаги хизмат концепциясини 2021 йилда тақдим этган. Ўшанда вазирлик замонавий қуролли можароларда қуролли кучларни сафарбар қилиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар борлигини билдирган. Булар ҳарбий тайёргарликдан ўтган захира кучларининг мавжудлиги ва уларни тайёрлаш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг йўқотишлар ёки ходимларнинг ротациясини қоплаш учун захирадан ўз вақтида келиши билан боғлиқ масалалар ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг