Қозоғистонда 4 нафар юртдошини ёқиб юборган ўзбекистонлик умрбод қамалди

Олам

image

Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон вилоятида 4 нафар ватандошини ёқиб юборган 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Мой город” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг май ойида Байтерек туманида мудҳиш воқеа содир бўлган. Ўзбекистон фуқароси бўлган тўрт нафар шахс ёнғинда ҳалок бўлган, яна бири эса куйиш жароҳатлари олган. Улар мавсумий ишчилар бўлиб, 15 киши бирга вақтинчалик тураржойда истиқомат қилган.

Суд ҳужжатига кўра, фожиа содир бўлган куни айбланувчи ва унинг юртдошларидан бири ўртасида келишмовчилик юзага келган.

9 май куни уларнинг орасидан бири киши туғилган кунини нишонлади. Судланувчи алкоголь истеъмол қилган. Уни бир неча бор тинчлантиришди, ташқарига олиб чиқишди, аммо у яна қайтиб келиб, болта ва ўроқ билан одамларга ташланди. Кейин у “ҳаммани ўлдираман” деб таҳдид қилиб, ташқарига чиқди, бензин солинган идишни олиб, газ плитасига улоқтирди. Ўша пайтда нонушта тайёрланаётган эди”, деди судья Аслабек Дюсенгалиев.

Бино тез ёнувчи материаллардан қурилгани сабабли ёнғин жуда тез тарқалган.

“Ҳодиса жойида тўрт нафар эркак куйиш жароҳатлари оқибатида вафот этди, яна бир киши термик куйиш олди. Ҳалок бўлганлар – Худойбердиевлар ва Намозовлар оиласига мансуб икки ака-ука”, дейди судья.

Суд жараёнида марҳумларнинг яқинлари онлайн тарзда иштирок этган. Улар на маънавий зарар, на моддий зарар учун даъво аризаси берган. Фақат суддан айбланувчини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраган. Чунки, агар у Ўзбекистонга қайтса, ўзлари қасос олишларини айтган.

Судланувчи ўз айбини қисман тан олган. У идишда бензин эмас, сув бор деб ўйлагани ва шу сабабли бу жиноятни бехосдан содир этганини айтиб, ишни эҳтиётсизлик билан одам ўлдириш моддаси бўйича кўриб чиқишни сўраган. Бироқ суд бу даъволарга ишонмаган.

Суд ҳукмига кўра, у икки ёки ундан ортиқ одамни қасддан ўлдиришда айбдор деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум қилинган. Жазо ўртача хавфсизлик даражасидаги жазони ижро этиш муассасасида ўталади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Мунайли тумани Басқудуқ қишлоғидаги уйда Ўзбекистон фуқароси ис газидан заҳарланиб, вафот этган эди. Вафот этган эркак 1980 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. У қозоғистонлик аёл билан оила қурган ва аёли ва болалари Қозоғистон фуқаролари бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон фуқароси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг