Қозоғистонда ҳарбийлар қимор ўйнагани учун армиядан ҳайдалди

Олам

image

Қозоғистонда 2024 йил етти нафар ҳарбий хизматчи қимор ўйинларида иштирок этгани сабабли Қуролли кучлар сафидан бўшатилди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Ҳарбий полиция бош бошқармаси профилактика бошқармаси бошлиғи Эртай Ералин маълум қилди.

Сенатнинг ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитаси депутатлари билан учрашувда сенатор Талғат Жунусов Мудофаа вазирлиги вакилига савол билан мурожаат қилган. У қимор бизнеси, лотерея фаолияти, соғлиқни сақлаш, давлат меҳнат инспекцияси ва бошқа соҳаларга оид қонунларга ўзгартиришлар киритилгани ҳақида эслатган.

“Хусусан, “Ҳарбий хизмат ва ҳарбий хизматчининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси 2-бандининг 11-подпункти 7-хатбошисига ҳарбий хизматчининг қимор ўйинларида, пул ёки бошқа моддий бойликлар билан боғлиқ ўйинларда қатнашган тақдирда, салбий асослар билан ҳарбий хизматдан бўшатилиши ҳақида тузатиш киритилди. Ушбу чоралар ҳарбийларнинг ўз жонига қасд қилишининг олдини олиш учун профилактик усул сифатида қабул қилинган. Қимор ўйинларига мойил ҳарбий хизматчиларга қандай чоралар кўрилмоқда?” деб сўраган сенатор Жунусов.

Эртай Ералиннинг сўзларига кўра, мазкур қонуний чекловлар 2024 йил 9 сентябрдан кучга кирган. Шу боис армияда қимор ўйинларига аралашган ҳарбийларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Шу сабабли, агар ҳарбий хизматчиларнинг қимор ўйинларида қатнашгани аниқланса, уларга нисбатан ишдан бўшатишгача бўлган чоралар қўлланилади. Биз мунтазам равишда мавзули акциялар, профилактика тадбирларини ўтказмоқдамиз. Бу йил қиморбозлик билан боғлиқ ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилмади. Менда бор маълумотга кўра, ўтган йили 7 нафар ҳарбий хизматчи қимор ўйинларида қатнашгани учун Қуролли Кучлардан бўшатилган”, деди Эртай Ералин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон расмийлари коррупциянинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда қамоқхоналарга саёҳатга бориши хабар қилинганди. Унга кўра, идоралар раҳбарлари, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари экскурсияларга таклиф этилиб, мансабдор шахсларга тергов хоналари, жиноятчилар учун камералар, маҳкумлар юриш жойлари кўрсатилмоқда. Шу кунга келиб экскурсияларда 2000 га яқин давлат амалдорлари қатнашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон армия қимор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг