Қозоғистонда ҳам Ўзбекистон сабаб гўшт нархи ошгани айтилди

Олам

image

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров мамлакатда гўшт нархининг ошишини Ўзбекистондан бўлаётган юқори талаб билан изоҳлади. Бу ҳақда у жорий йилнинг 11 февраль куни брифинг чоғида сўз очди.

Брифинг давомида вазирга нархларнинг ошиши ва фермерларнинг бундай ҳолатга ўтган йилги қурғоқчилик сабаб бўлгани ҳақидаги фикрлари етказилган. Сапаровнинг сўзларига кўра, нархларнинг ўсишига қурғоқчилик эмас, балки Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан юқори талаб сабаб бўлган.

“Бунга қурғоқчилик сабаб эмас. Қурғоқчилик аввалги йил ёзида бўлганди, ўтган йили эса биз нормал ҳосил олдик. Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, икки йил олдин ғалла қанча турарди ва ҳозир қанча. Чорвачилик учун етарли ем бор. У жуда арзон – тахминан 50 минг тенге. Шунинг учун қурғоқчилик гўшт нархига таъсир қилмаган”, дейди вазир.

Сапаровга кўра, нархларнинг ошишига асосий омил – Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан гўштга бўлган юқори талаб. Ушбу мамлакатлар Қозоғистонда фаол равишда гўшт сотиб олмоқда, оқибатда воситачилар ҳам нархларни ошира бошлаган. Аммо ҳозир вазият аста-секин барқарорлашмоқда.

“Кеча ўзим гўшт етказиб берувчилар билан гаплашдим. Нархлар килограмми учун 2700 тенгедан (70 минг сўм) бошлаб 3300 тенгача (86 минг сўм) боради, баъзи жойларда 3500 (91 минг сўм) тенгегача етиши мумкин – бу қайси гўшт қисми эканлигига боғлиқ. Лекин умуман олганда, гўшт етарли, ҳамма учун етади. Нархлар бўйича олдиндан аниқ прогноз бериш қийин, чунки бу савдо тармоқлари билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вазифаси ишлаб чиқаришни таъминлаш”, дейди Сапаров.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрь ойида Қирғизистон бозорларида гўшт нархининг кескин ошиши кузатилганди. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида ҳам Ўзбекистон ва Тожикистонга етказиб берилаётган гўшт экспортининг сезиларли даражада ошгани кўрсатилган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон гўшт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг