Қозоғистон Европарламент резолюциясини қоралади
Олам
−
21 Январь 2022
5727Европарламентнинг Қозоғистондаги вазият бўйича резолюцияси нохолис хулосалар ва маълумотларга асосланган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий тергов натижалари эълон қилинмагунча бундай ҳужжатларни қабул қилишни номақбул деб ҳисоблайди. Бу ҳақда республика ТИВ хабар берган.
Европарламент аъзолари кеча, 20 январь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Қозоғистондаги сўнгги норозилик намойишлари ва тартибсизликлар муносабати билан инсон ҳуқуқларига боғлиқ вазият бўйича резолюция қабул қилиб, халқаро тергов ўтказиш ва Европа Иттифоқи режими остидаги Қозоғистон расмийларига инсон ҳуқуқларини жиддий бузгани учун санкциялар қўллашга чақирганди.
“Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Европарламентнинг мамлакатимиздаги вазият бўйича қабул қилинган резолюцияси нохолис хулосалар ва маълумотларга асосланганини таъкидлайди”, дейилади вазирлик эълон қилган баёнотда.
Ҳужжатга кўра, Қозоғистондаги фожиали январь воқеаларига холис баҳо берилмагани хавотир уйғотмоқда.
“Биз Қозоғистон Республикаси раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган расмий тергов натижалари эълон қилинишидан олдин бундай ҳужжатларни қабул қилинишини номақбул деб ҳисоблаймиз. Унинг натижалари халқаро ҳамжамиятга етказилишини яна бир бор тасдиқлаймиз”, деб қайд этган ТИВ.
LiveБарчаси