Қозоғистон Евроосиёда энг йирик рақамли марказга айланмоқчи
Олам
−
08 Июнь 2023
6710Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишида давлатнинг Евроосиёдаги энг йирик ва илғор рақамли марказлардан бирига айланиш мақсади борлигини билдирди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Геосиёсий таранглик ва ортиб бораётган протекционизм глобал иқтисодиётни қайта шакллантирмоқда. Бу эса глобал ўсиш ва барқарорликнинг доимий пасайиши билан таҳдид солади. Бироқ, вақт кўрсатганидек, ҳар бир инқироз янги имкониятларни олиб келади”, дейди Тўқаев.
Унинг фикрича, улкан технологик ютуқ бўлган рақамлаштириш ана шундай имкониятлардан бирини беради. Рақамлаштиришнинг ўсиши ҳозирги кун тартибини белгилаб бермоқда ва иқтисодиёт ривожига кескин таъсир кўрсатмоқда.
“Сунъий интеллект, блокчейн, Интернет (IoT) ва Big data (Катта маълумотлар) каби янги тушунча ва технологияларнинг кенг жорий этилиши қишлоқ хўжалигидан тортиб молиягача деярли барча соҳаларда ўйин қоидаларининг ўзгаришига олиб келади", дейди Тўқаев.
Шунингдек, у Қозоғистон Евроосиёдаги энг йирик ва илғор рақамли марказлардан бирига айланиш ниятида эканини билдириб ўтди.
“Яқинда 62 давлат бир овоздан Қозоғистонда БМТнинг Марказий Осиё барқарор ривожланиши учун рақамли ечимлар маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватлади”, деб қўшимча қилган Президент.
Маълумот учун, 2022 йилда Қозоғистонда рақамлаштириш даражаси 12 фоизга ошган. IT-маҳсулотлар ва хизматлар экспорти 5 баробар кўтарилиб, 333 миллион долларни ташкил этган.