Қозоғистон вилоятларининг деярли ярмида аҳоли камайди

Олам

image

Жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистон аҳолиси 20 миллион 333,5 минг кишига етди – йил бошидан буён ўсиш 0,25 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда миллий статистика бюросига таяниб, “vlast.kz” хабар берди.

Аҳолининг энг тез ўсиши ҳар доимгидек уч йирик шаҳар – Остона (1,47%), Шимкент (0,66%) ва Олмаотада (0,6%) қайд этилган. Шунингдек, Олмаота вилояти ва Манғистов вилоятларида ҳам аҳоли ўсиши республика ўртача кўрсаткичидан юқори бўлган.

Умуман олганда, Қозоғистоннинг 20 ҳудудидан 11 тасида аҳоли кўпайган. Шу билан бирга, Қизилўрда, Ғарбий Қозоғистон, Ақмола ва Туркистон вилоятларида бу ўсиш жуда паст бўлган. Бунга, одатдагидек, миграция таъсир кўрсатган. Туғилиш даражаси юқори бўлса-да, кўчиб кетганлар сони бу кўрсаткични деярли қоплаяпти.

Миграция сальдоси фақат 5 та ҳудудда ижобий бўлиб қолмоқда – учта мегаполисда, шунингдек, Олмаота ва Манғистов вилоятларида. Қолган барча вилоятларда кўчиб кетганлар сони келганлардан кўп.

Тўққизта ҳудудда аҳоли сони камайгани кузатилган. Энг катта камайиш Абай вилояти (–0,23%), Жетису вилояти (–0,25%) ва Шимолий Қозоғистон вилоятида (–0,43%) қайд этилган. Шарқий ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида эса табиий камайиш, яъни вафот этганлар сонининг туғилганлардан ортиқ бўлиши юз берган.

Йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, шаҳарларда аҳоли 0,47 фоизга кўпайган бўлса, қишлоқ жойларда 0,13 фоизга камайган. Айни вақтда Қозоғистон аҳолисининг 63,1 фоизи шаҳарларда, 36,9 фоизи эса қишлоқларда яшайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Миллий статистика бюроси  мамлакатда яшовчи энг кўп сонли миллатлар биринчи учлигини қозоқлар, руслар ва ўзбеклар ташкил этишини хабар қилганди. Унга кўра, қозоқлар 14 млн 456 минг 709 киши, руслар 2 млн 963 минг 938 киши, ўзбеклар  678 минг 487 киши.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон аҳоли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг