Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам парвозлар тикланмоқда
Жамият
−
09 Апрель 2022
6832Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатновлар тикланмоқда. Бу ҳақда “Uzbekistan Airways” АЖ Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 апрелидан бошлаб Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан давлат чегарасини авиақатновлар орқали кесиб ўтишда қўйилган чекловлар бекор қилинади.
Мавжуд қоидаларга кўра, қозоғистонликлар ва Қозоғистон ҳудудида яшаш учун рухсатномага эга бўлган хорижликлар ҳамда чет эл фуқаролари “Uzbekistan Airways” авиақатновига чиқишдан олдин COVID-19 тестининг салбий натижаси (амал қилиш муддати 72 соат) ёки тўлиқ эмланганлик/қайта эмланганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистонда берилган эмланганлик сертификатларини икки давлат ҳам ўзаро тан олади.
Эслатиб ўтамиз, 11 апрелдан Қозоғистон Ўзбекистон билан қуруқлик чегараларини ҳам очади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 март куни Республика махсус комиссиясининг Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирларга бағишлаб ўтказилган йиғилишида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро йўловчи поездлар қатновларини ҳамда автобус йўналишларида паритет асосида йўловчи ташиш фаолиятини карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тикланиши маълум қилинган эди.
Бироқ Қозоғистондаги эпидемиологик вазият туфайли расмий Нур-Султон мунтазам поезд ва автобус қатновларини тиклашни кечиктирганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15