Қозоғистон ва Туркия ўртасида 1 миллиард долларлик келишувлар имзоланди
Олам
−
11 Май 2022
3474Кеча, 10 май куни Анқарада Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Туркияга ташрифи чоғида умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган келишувлар имзоланди. Бу ҳақда у туркиялик ҳамкасби Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Музокаралар якунларига кўра, 1 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланди”, дейди Қозоғистон Президенти.
Тўқаев Туркияни жуда муҳим стратегик ҳамкор деб атади ва Эрдўғанни Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.
“Муҳтарам Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф қиламан”, деди у.
Қозоғистон ва Туркия делегациялари ўртасидаги музокаралар натижасида 14 та, жумладан, стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжат ҳам имзоланди.
Туркия Президенти икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда имзоланган келишув ва меморандумлар муҳимлигини қайд этди. Эрдўған, шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини деярли икки баробарга – йилига 5,3 миллиард доллардан 10 миллиард долларгача ошириш режаларини ҳам маълум қилди.
Қосим-Жомарт Тўқаев яна бир муҳим санани эслатди. Бу йил қозоқ кўчманчиларнинг турк тупроғида бошпана топганига 70 йил тўлди. Уларга ўша пайтда Туркия Бош вазири бўлган Аднан Мендерес катта ёрдам берган. Давлат раҳбари яқинда Олмаотадаги кўчалардан бирига ушбу таниқли сиёсатчи номи берилганини таъкидлади.
Маълумот учун, Туркия Қозоғистоннинг етакчи бешта савдо ҳамкори қаторига киради. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. 2021 йилда у 5 миллиард доллардан ошди.
Туркия Қозоғистондаги энг сармоядор 10 давлатдан биридир. Қозоғистон иқтисодиётига 4 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. Қозоғистон Туркия иқтисодиётига 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди.
LiveБарчаси