Қозоғистон ҳарбий разведка бўйича Туркия билан келишиб олди

Олам 3975
image

Қозоғистон ҳарбий разведка соҳасида Туркия билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Кеча, 10 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Туркияга амалга оширган давлат ташрифи доирасида ушбу ҳамкорликни назарда тутувчи ҳужжат имзоланди. 

Президент Тўқаев Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 10-11 май кунлари ушбу мамлакатга илк давлдат ташрифини амалга оширмоқда. Ташриф доирасида икки мамлакат раҳбарлари ва делегациялар иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 14 йўналишда ҳамкорлик ҳужжатларини имзолашга келишиб олинди. 

Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат ўртасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди: 

1. Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат архивлари департаменти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома;

2. Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ва Туркия Республикаси Президенти девони ҳузуридаги Алоқа департаменти ўртасида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум;

3. Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида юкларни халқаро аралаш ташиш тўғрисидаги Битим;

4. Қозоғистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида хизматлар савдоси тўғрисидаги шартнома бўйича техник топшириқ;

5. Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этиш ва божхона назорати тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги Битим;

6. Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлигининг Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитаси ва Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ўртасида ўрмон хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум;

7. Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим. 

8. Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ва Туркия Республикаси Саноат ва технологиялар вазирлиги ўртасида ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик Меморандуми;

9. Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий разведка соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Баённома;

10. Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий архивлар, ҳарбий тарих, музейшунослик ва ҳарбий нашрлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Баённома;

11. Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим;

12. Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ва Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида кинематография соҳасида ўзаро англашув Меморандуми;

13. Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ва Туркия Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги ўртасида ёшлар сиёсати соҳасида ўзаро англашув Меморандуми;

14. Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ва Туркия Республикаси Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми.

Учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қайд этишича, бугунги кунда Туркия сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар тараққиётда катта муваффақиятларга эришган. Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишдаги фаоллиги ва қатъияти туфайли Туркия жаҳон саҳнасида муносиб ўрин эгаллаган.

“Шу муносабат билан, ҳурматли Эрдўған жаноблари, сизга фаровонлик ва кучли Туркияни барпо этиш режаларини амалга оширишда муваффақиятлар тилайман. Қозоғистон учун Туркия Евроосиё қитъасидаги энг муҳим ва ишончли ҳамкорлардан биридир. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги умумий тарих ва маънавий меросга асосланган муносабатлар изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда. Самимий дўстлигингиз, биродарлик муносабатингизни қозоқ ҳикмати энг яхши ифодалайди: “Дўстлик бойликдан улуғ, лекин дўстликдан ортиқ бойлик йўқ”, дейди Тўқаев. 

Ўз навбатида, Президент Эрдўған Қозоғистон билан алоқалар стратегик шериклик даражасига олиб чиқилаётганини қайд этган. Шунингдек, бунда Қозоғистондаги тинчлик ва барқарорлик муҳим эканини айтган. 

“Биз ўзаро ҳамкорликни кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига олиб чиқяпмиз. Туркия ва Қозоғистон муштарак тарих, тил, дин ва маданиятга асосланган мустаҳкам алоқаларга эга икки қардош давлатдир. Турк халқи Қозоғистондаги тинчлик ва барқарорликка катта аҳамият беради. Янги Қозоғистонни барпо этишдаги ғайрат ва қатъиятингиз катта ҳурматга лойиқдир. Мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотларингизни қўллаб-қувватлашимни билдираман”, деган Эрдўған. 

Маълумот ўрнида, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат раҳбари лавозимини эгаллаган 2019 йилнинг март ойидан буён илк бор давлат ташрифи билан Туркияга борди. Бунгача ушбу мамлакат билан мулоқотни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев давом эттирган.Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилишларида ҳам Қозоғистон номидан Нурсултон Назарбоев қатнашган. 2021 йилнинг ноябрь ойида Истанбулда ўтган саммитда эса биринчи бор Қосим-Жомарт Тўқаев кўриниш берди. 

Туркия Қозоғистонда содир бўлган январь воқеаларидан кейин Назарбоевни очиқчасига қўллаб-қувватлаб чиққан ягона мамлакат бўлди. Ҳатто. Назарбоев жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган "Анталия дипломатик форуми"га ҳам таклиф қилинди ва Президент Эрдўған билан Қозоғистон байроғи остида музокаралар ўтказди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 2.9
t
×