Қозоғистон ва Тожикистон Олимпиада совриндорларига нима берди?

Спорт

image

Францияда жорий йилнинг 26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтган 2024 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда 32 та спорт тури бўйича 329 та медаллар жамланмаси учун курашилди. Ўйинларда 206 та Олимпия терма жамоаларидан 10,5 минг нафар спортчи, шунингдек, нейтрал мақомга эга индивидуал спортчилар иштирок этди.

Медаллар билан қайтган спортчиларни ҳар бир давлат раҳбарияти турли мукофотлар билан тақдирламоқда. Кеча Ўзбекистон ва Қирғизистонда Олимпиада совриндорлари ҳукумат томонидан нима билан тақдирлангани ҳақида сўз юритган эдик. Эндиги навбат Қозоғистон ҳамда Тожикистон спортчиларига.

Қозоғистон Олимпиадада 43-ўринни эгаллади, жамоа ҳисобида еттита медаль бор: битта олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза.

Қозоғистонлик спортчилар Олимпиада ўйинларидан қайтишни бошлар экан, совриндорларни нафақат янги мухлислар, балки ҳукумат вакиллари ҳар хил пулли совғалар билан кутиб олди.

Дзюдо бўйича Олимпиада ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган Елдос Сметов қиймати камида 78 миллион тенге (165 минг доллар) бўлган Lexus LX 600 SUV калитини олди. Унга туғилиб ўсган Тароз шаҳридан 5 хонали квартира ва 2,6 миллион тенге (5500 доллар) миқдорида чек ҳам берилди. Сметов 250 минг долларлик давлат мукофоти, умр бўйи 369 минг тенге (785 АҚШ доллари) ойлик тўловини ҳам олади ва унга 100 та зотли от подаси ваъда қилинди.

Шунингдек, дзюдо бўйича бронза медали совриндори Гусман Қирғизбоев ҳам совғаларини қабул қилиб олди. Мудофаа вазирлигининг шахсий спорт клуби вакили бўлган дзюдочи Қозоғистонга қайтгач, катта лейтенантдан капитан даражасига кўтарилган. Унга қиймати қарийб 31 миллион тенге (65 минг доллар) бўлган Toyota Land Cruiser-250  йўлтанламас автомобили ва давлат мукофоти сифатида 75 минг доллар берилди.

Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги Париждан медаль олиб келган ҳар бир кишини пул билан рағбатлантиришини эълон қилганди. Олтин медаль соҳиблари 250 минг доллар, кумуш медаль соҳиблари 150 минг доллар, бронза медаль соҳиблари эса 75 минг доллар олди. Шунингдек, 4-5-6-ўринлар учун 30 минг, 10 минг ва 5 минг долларлик бонуслар тақдим этилди. Бунга қўшимча тарзда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам совғалар берилган.

Тожикистон эса медаллар жамланмасида умумжамоа ҳисобда Олимпиада ўйинларини 79-ўринда якунлади. Шу тариқа, Тожикистоннинг мустақилликка эришган давридаги Олимпия медаллари сони 7 тага етди – 1 та олтин, 1 та кумуш ва 5 та бронза. Мамлакатнинг Париж Олимпия терма жамоаси 14 нафар спортчидан иборат эди. Мамлакат делегацияси ҳисобида 3 та бронза медали бор ва улар бокс ҳамда дзюдо баҳсларида жамғарилган. Уч нафар тожикистонлик спортчига тегишли бўлган бронза медалининг нархи тахминан 13 доллар (1 та медаль нархи) дан 39 долларга тенг.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон томонидан бронза медаль эгаларига 200 минг сомоний (18 минг 867 доллар), квартира ва замонавий электромобиль топширилди. Шунингдек, улар II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди.

Қирғизистон ҳукумати кумуш медаль олган ягона спортчига Кia автомобили ва 10 млн сом (тахминан 117 минг АҚШ доллари), бронза медали совриндорларига эса 7 млн сом (тахминан 82 минг АҚШ доллари) ва Кia автомобили берди.

Туркманистон терма жамоаси эса совринсиз қолди.

Маълумот учун, ўзбекистонлик Олимпиада чемпионлари, яъни олтин медални қўлга киритган спортчилар 200 минг доллар, Tahoe автомобили ва 2 қаватли коттеж, кумуш медаль совриндорлари 100 минг доллар, BYD Song Plus EV Champion машинаси ҳамда квартира, бронза медаль совриндорлари эса 50 минг доллар, квартира ва BYD Song Plus DM-i Champion автомашинаси билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париж Олимпиадаси медалларининг нархи қанча туриши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Тожикистон Олимпиада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made