Қозоғистон Ўзбекистонга олиб чиқувчи янги темирйўлни 2027 йилда ишга туширади
Олам
−
06 Январь
2900Қозоғистон 2027 йилда Ўзбекистонга уланувчи янги темирйўлни фойдаланишга топширмоқчи. Бу ҳақда “Қозоғистон темир йўллари” матбуот хизмати хабар берди.
Унинг ишга туширилиши 2027 йилда экспорт ташиш ҳажмини оширади. Икки мамлакатни боғлайдиган “Дарбоза-Мақтаорал” темирйўл линиясининг 100 км масофадаги ишлари якунланган. Лойиҳа доирасида 203 км масофада релс-шпал панжараларини йиғиш режа қилинган. Режадаги 9,5 миллион куб тупроқ ишларининг 1,4 миллион куби (15 фоиз) бажариб бўлинган.
Лойиҳани амалга оширишга 46 та йўл қурилиш техникаси ва 70 дан ортиқ киши жалб этилган. Темирйўл қурилишида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг материалларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Қурилиш даврида 2027 йилга мўлжалланган 3400 та вақтинчалик иш ўрни, фойдаланишга топшириш жараёнида эса 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Маълум қилинишича, “Самрук-Хазина” миллий холдингига кирувчи “Қозоғистон темир йўллари” компанияси “Дарбоза-Мақтаорал” йўналишини 2027 йилда фойдаланишга топширишга қарийб 286 миллиард тенгелик (545 миллион доллар) сармоя киритмоқда.
Олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика транспорт-логистика салоҳиятини ошириш учун 2030 йилгача 5 минг километрдан ортиқ темирйўл қуришини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда Ўзбекистонгача темирйўл линияси қурилиши 2023 йилнинг ноябрь ойида бошланганди. Янги темирйўл линиясининг қурилиши юкларни мавжуд Сариоғош – Тошкент участкасидан янги линияга йўналтириш, Сариоғош вокзалидаги тирбандликни бартараф этиш ва бутун Ўзбекистон йўналиши бўйича экспорт ташиш ҳажмини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳа Туркистон вилоятини республиканинг асосий темирйўл тармоғига улаш орқали унинг ривожланишига ҳисса қўшади.
LiveБарчаси