Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани қачон очиши маълум бўлди
Олам
−
05 Май 2020
47974Сардоба сув омборининг дамбаси ўпирилиши сабаб келиб чиққан фавқулодда вазият барқарорлашгандан сўнг, Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани очади. Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокими Умирзак Шукеев маълум қилди.
"Жорий 1 май куни келиб чиққан тошқин сабаб чегара коллекторлари сув билан тўлиб қолган эди. Тошқин туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бугунги кунга қадар 14 аҳоли пунктидан 31 606 нафар аҳоли эвакуация қилинди. бешта аҳоли пунктини сув босди, 7 аҳоли пунктида ҳанузгача хавф юқори. Шунингдек, Мирзакент ва Ақжол аҳоли пунктларида сув тошқини хавфи бартараф этилди ва аҳоли ўз уйларига қайтишди", дейди Шукеев.
Унинг эслатишича, 2 май куни тезкор штаб ташкил этилган, 986 киши ва 180 дан ортиқ техника жалб қилинган. Сув насослари Қизилўрда, Жамбил вилоятлари ва Чимкентдан олиб келинган. Миллий гвардиядан 413 ҳарбий ва 37 дона техника сафарбар этилди. Бундан ташқари, 323 ҳарбий хизматчи ва 26 дона техника Миллий гвардия томонидан Олма-отадан олиб келинди. Ҳозиргача 19 та эвакуация пункти очилган.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, фавқулодда вазиятлар туфайли бугунги кунда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 845 уй, 3 мактаб, 5 болалар боғчаси, 4 тиббиёт муассасаси, 1 маданият уйи сув остида қолган.
"Зенис кўприги қишлоғида, 54,7 км узунликдаги минтақавий магистрал сув остида қолди. Яна шуни айтмоқчиманки, 7 639 гектар экин майдони сув остида. Бугун биз зарарни ҳисоблашни амалга оширамиз. Шундан сўнг қўшимча ҳисобот берамиз", дейди вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокими Ўзбекистонда бўлиб қайтганини маълум қилди. Унинг айтишича, тез орада Ўзбекистондан Туркистон вилоятига ёрдам жўнатилади.
"Биз Ўзбекистонда бўлиб қайтдик. У ерда ҳамкасблар билан суҳбатлашдик, хавфли жойларни кўриб чиқдик. Когали аҳоли пункти яқинида биз қўшимча равишда каналлар қазишни режа қилдик. Умуман олганда, Ўзбекистон яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Вазият барқарорлашгандан кейин улар бизнинг вилоятимизга келиб, ёрдам беришади. Ўз навбатида, биз чегарани очишимиз керак", дейди ҳоким Шукеев.
Аввалроқ, март ойи ўрталарида Қозоғистон ва Ўзбекистон коронавирус тарқалишини олдини олиш учун чет элликлар билан чегараларини ёпган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон томони ушбу сув омборини қуришда Ўзбекистон улар билан маслаҳатлашмаганини иддао қилди. Маълум қилинишиcа, Қозоғистон сув тошқини натижасида ҳозиргача 423 минг доллар зарар кўрган.
LiveБарчаси