Қозоғистон Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни бошлади. Бу Россиядан юз ўгиришми?

Олам 10509
image

Қозоғистон ҳукумати Туркия билан ҳарбий разведка соҳасида ҳамкорлик қилиш протоколини тасдиқлади. Бу ҳақда қозоқ маҳаллий нашрлари ёзмоқда. 

Қозоғистон ҳукумати томонидан эълон қилинган тегишли қарорга мувофиқ, 2022 йил 10 майда Анқарада якунланган Қозоғистон Республикаси ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида ҳарбий разведка соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги протокол тасдиқланган. 

Ҳужжатга мувофиқ, томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар: 

•    ҳарбий разведка маълумотлари билан ўзаро алмашиш ва долзарб масалалар бўйича эксперт баҳолари;  

•    минтақада (давлатда) иштирокчи давлатларининг хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини мониторинг қилиш;  

•    томонлар давлатларининг хавфсизлигига таҳдид солувчи халқаро террористик ва бошқа ташкилотлар тўғрисида ўзаро маълумот алмашиш.

Томонлар ўртасида кучга кирган ҳужжат Россия матбуотида қозоғистоннинг Россиядан юз ўгириши оқибатида янги иттифоқчиларни ахтариши дея талқин қилинмоқда. Бу ҳақда “Kasparov.ru” ёзган

“Тўқаев аниқ келажакда Кремль билан қарама-қаршиликда унга ҳарбий ёрдам кўрсатишга қодир янги иттифоқчиларни излаш ва топишда давом этмоқда”, дейилади хабарда. 

Рус нашрининг қайд этишича, ушбу протокол Қозоғистонга НАТО давлатидан разведка маълумотларига кириш имконини берадиган ҳарбий разведка иттифоқига йўл очади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт  Тўқаев Туркияга борган эди. Ўшанда тор ва кенгайтирилган доирада ўтказилган учрашувлардан сўнг, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Нур-Султонга ҳарбий ёрдам бериш ниятида экани ва Тўқаев билан шунга келишиб олганини урғулаганди. 

“Биз қозоқ биродарларимиз барқарорлиги, тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги учун ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Биз сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, савдо ёки маданий соҳаларда ҳамжиҳатлигимизни давом эттирамиз ва келажакка елкама-елка, ишонч билан қадам ташлаймиз. Биз ҳар қандай шароитда ҳам қозоғистонлик биродарларимизнинг ёнида бўламиз”, деган эди Эрдўған.

Давлат раҳбарлари бошчилигида ўтган делегациялар учрашуви якуни бўйича 14 ҳужжат имзоланди. Улар орасида Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий разведка соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Баённома ҳам бор.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 230
Рейтинг: 3.1
t
×