Қозоғистон толиблар билан алоқа ўрнатишга тайёр. Давлатнинг қандай мақсади бор?
Олам
−
09 Сентябрь 2021
4841Қозоғистон Афғонистоннинг янги ҳукумати билан конструктив ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
“Қозоғистон Афғонистонни ўзи, қўшнилари билан тинч-тотув яшайдиган барқарор, суверен ва бирлашган давлатга айланиши керак, деб ҳисоблайди. Биз биринчи навбатда, гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун янги ҳукумат билан конструктив ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга тайёрмиз. Халқаро ҳамжамият Афғонистонни ҳозирги бурилиш нуқтасида мавжуд қийинчиликлар билан юзма-юз қолдирмаслиги керак”, деган Президент.
Тўқаев, шунингдек “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳақиқатан ҳам мўътадил позицияларга амал қилишларини ва ҳақиқий бирлашган, инклюзив ҳукуматни тузиш бўйича музокараларга очиқ эканликларини исботлашларига умид билдирган.
Аввалроқ, Тўқаев Қозоғистон Афғонистондан қозоқ диаспораси вакилларини қайтариш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилганди.
Афғонистондаги вазият
АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси