Қозоғистон самолётларига Эрон ҳаво ҳудудидан учиш тақиқланди
Олам
−
08:39 8045 2 дақиқа
Қозоғистон Авиация маъмурияти мамлакат авиакомпанияларига Эрон ҳудуди устидан, шунингдек унинг ҳаво макони ичида ва унга яқин ҳудудларда парвозларни вақтинча амалга оширишни тақиқлади. Бу қарор минтақада парвозлар хавфсизлигига бўлган таҳдидлар кучайгани фонида қабул қилинган. Бу ҳақда “Tengri Travel” хабар берди.
Қозоғистон Авиация маъмуриятининг маълум қилишича, кўрилган чоралар профилактик характерга эга бўлиб, йўловчилар ва экипажлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Ҳозирда Қозоғистон авиакомпанияларининг барча рейслари эҳтимолий хавфли ҳудудни четлаб ўтган ҳолда амалга оширилмоқда.
“Вазият Қозоғистон Авиация маъмурияти томонидан доимий назорат остида. Таҳдид даражаси ўзгаришига қараб кейинги қарорлар қабул қилинади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тегишли буйруқ маъмуриятнинг расмий сайтида эълон қилинган. Чеклов муддати аниқ белгиланмаган – тақиқ алоҳида кўрсатмагача амал қилади.
Қўшимча қилинишича, чекловлар айрим рейсларнинг йўналиши ва давомийлигига таъсир қилиши мумкин. Бироқ авиация идораларининг таъкидлашича, йўловчилар хавфсизлиги мутлақ устувор масала ҳисобланади. Жадвалдаги эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида авиакомпаниялар қўшимча равишда хабар беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Abraham Lincoln авиация ташувчи кемаси Эрондаги можаролар сабаб Яқин Шарққа етиб борганди. Шунингдек, яқин кунларда минтақа яқинида THAAD ракетага қарши мудофаа тизими батареяси пайдо бўлиши кутилмоқда.
Live
Барчаси