Қозоғистон Россия билан урушга тайёрланяптими?
Олам
−
25 Апрель
27871Бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари Остона Россия билан чегарада ҳудудий мудофаа бригадаларининг энг йирик гуруҳини жойлаштириши ҳақида хабар тарқатди. Айтилишича, Қозоғистон Россия билан зиддият юзага келиши эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда. Бу мазмундаги хабарларга Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги изоҳ бериб, улар фейк эканини билдирди.
“Қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон Республикасининг “Ҳудудий мудофаа тўғрисида”ги қонуни лойиҳасига тааллуқли хабарлар муносабати билан, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги фактларни бузиб кўрсатиш ва ноҳақ талқин қилишнинг олдини олиш мақсадида расмий тушунтиришлар бериш зарур, деб ҳисоблайди.
Бу қонун лойиҳаси фақат мамлакат ички хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унда Россияга қарши кайфият мавжуд эмас”, дейилади вазирлик баёнотида.
Билдирилишича, “Ҳудудий мудофаа тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қозоғистон миллий хавфсизлик тизимини модернизация қилиш доирасида ишлаб чиқилган. Унинг мақсади ҳарбий ҳолат ёки бошқа фавқулодда вазиятлар даврида ички барқарорликни таъминлаш, аҳоли, инфратузилма ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишдан иборат.
“Ҳудудий мудофаа бригадаларини жойлаштириш ташқи таҳдидларга қарши эмас, балки ҳудудларнинг моддий-техник, географик ва демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда”, дейилади Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирлик, шунингдек, ҳудудий мудофаа бўлинмаларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иштироки кўзда тутилмаганига ҳам аниқлик киритади. қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаган ва у муайян йўналишдаги таҳдидни акс эттирувчи сифатида қабул қилинмаслиги керак.
“Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб, у билан КХШТ, МДҲ, ШҲТ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатлари сақланиб келмоқда.
Шундай қилиб, Қозоғистон Республикасининг “Ҳудудий мудофаа тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг Россияга қарши йўналтирилганлиги ҳақидаги даъволар ҳақиқатга мос келмайди ва давом этаётган жараёнларнинг моҳиятини бузади”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, кеча, 24 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши сессиясида Россия Қозоғистоннинг асосий стратегик шериги ва ишончли иттифоқчиси бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлаган. Президент, шунингдек, Қозоғистонда миллатлараро тотувликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай провокация ва иғволарга қатъий чек қўйиш зарурлигини айтган.
LiveБарчаси