Қозоғистон кейинги йилдан Россия газини Ўзбекистонга транзит қилади
Олам
−
05 Июнь 2023
6309Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев 2024 йил куз-қиш мавсумида Қозоғистон инфратузилмаси Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш учун тайёр бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Саткалиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва “Газпром” ўртасида газ ҳажми ва нархлари бўйича музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Қозоғистон томони аллақачон транзитни таъминлашга тайёрлигини билдирган.
“Бу музокаралар якунланиши билан биз инфратузилмамизни тақдим этишга тайёрмиз. Бундан ташқари, биз келгуси йилнинг куз-қиш мавсумида бу инфратузилма тайёр бўлиши ҳақида маълум қиламиз. Биз ушбу транзитдан ва транзит учун маблағ олишдан, умуман, Марказий Осиё минтақасида энергия таъминоти ишончлилигини оширишдан манфаатдормиз”, дейди Саткалиев.
Ҳукумат йиғилишида Алмасадам Саткалиев 16 май куни Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича музокаралар анча конструктив тарзда кечаётганини айтган. Аммо Энергетика вазирлиги раҳбари Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида уч томонлама газ иттифоқи тузиладими, деган саволни жавобсиз қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга ушбу соҳадаги уч давлатнинг тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш учун “уч томонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. 2023 йил январида Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари “Газпром” билан ҳамкорлик режасини имзолаган.
Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонга Россиядан газ етказиб бериш “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали амалга оширилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси