Қозоғистон “қонли январь” воқеаларининг 1,5 минг иштирокчисига амнистия бермоқчи
Олам
−
19 Октябрь 2022
2795Қозоғистон ҳукумати январь ойи бошида юз берган тартибсизликларнинг 1,5 минг иштирокчисига нисбатан жазони юмшатиш ниятида. Тегишли “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бугун, 19 октябрь куни республика парламенти қуйи палатаси – Мажилис депутатлари томонидан маъқулланди.
“Лойиҳада жиноий ва кичик, ўртача оғирликдаги жиноятлар учун жазодан озод қилиш назарда тутилган. Бундай жиноятлар учун жазо муддатини ўтаган шахслар судланганлик тамғаси ташланади. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга муддатлар қисқартирилади. Оғир учун – суд томонидан тайинланган муддатнинг тўртдан уч қисми, ўта оғир учун – ярми”, дейди парламент қуйи палатаси депутати Гулнора Бизжонова.
Унинг сўзларига кўра, агар қонун кучга кирган кунга қадар маҳкумнинг ўташ муддати бир йилдан кўп бўлмаса, бу жазо бутун ўталмаган муддатга қисқартирилади. Бундан ташқари, озод қилинган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
“Бу бандлик, тиббий ёрдам, ҳужжатларни расмийлаштириш. Уй-жойи бўлмаганларни қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган одамлар учун марказларга жойлаштириш”, дея тушунтирди у.
Шу билан бирга, депутат террорчилар, экстремистлар, рецидивистлар, тартибсизликлар ташкилотчилари ва қийноқлар қўллаган шахслар амнистияга тортилмаслигини таъкидлади.
“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги босқичда амнистия 1,5 мингга яқин кишига тааллуқлидир”, дейди Бижанова.
Мажилис томонидан маъқуллангандан сўнг, “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун парламентнинг юқори палатаси – Сенатга юборилади.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси