Қозоғистон дунёнинг Топ иқтисодиётлари 40 талигига кирди

Олам

image

Қозоғистон жорий йилги Жаҳон рақобатбардошлик рейтингида 38-ўринни эгаллаб, дунёнинг энг рақобатбардош 40 иқтисодиёти қаторидан жой олди. Бу ҳақда Халқаро менежментни ривожлантириш институти (IMD) томонидан тайёрланган World Competitiveness Ranking 2026 рейтингида эълон қилинди.

Мазкур рейтинг мамлакатларнинг иқтисодиёт ва бизнесни барқарор ривожлантириш учун шароит яратиш қобилиятини баҳолайди. Унда давлатлар иқтисодиёт ҳолати, давлат бошқаруви самарадорлиги, бизнес самарадорлиги ва инфратузилма каби тўртта асосий йўналиш бўйича баҳоланган. Рейтингни шакллантиришда статистик кўрсаткичлар ҳамда компаниялар раҳбарлари ўртасидаги сўровнома натижаларидан фойдаланилган. Қозоғистон айрим йўналишларда юқори натижаларни қайд этган.

Жумладан, мамлакат:

  • солиқ сиёсати бўйича – 9-ўрин;
  • халқаро савдо бўйича – 19-ўрин;
  • меҳнат бозори бўйича – 20-ўрин;
  • бошқарув амалиётлари бўйича – 20-ўрин;
  • бизнесдаги қадрият ва қарашлар бўйича – 20-ўрин;
  • бандлик бўйича – 26-ўрин;
  • институционал муҳит бўйича – 29-ўрин;
  • унумдорлик ва самарадорлик бўйича – 32-ўрин;
  • ички иқтисодиёт бўйича 33-ўринни эгаллаган.

Аҳолиси 20 миллиондан ортиқ бўлган мамлакатлар орасида Қозоғистон 15-ўринда қайд этилган. Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари гуруҳида эса республика 25-ўринни эгаллаган.

Тадқиқотда Қозоғистоннинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳам келтирилган. 2025 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 306,2 миллиард долларни ташкил этган, реал ЯИМ ўсиши эса 6,5 фоиз бўлган. Иқтисодий ўсиш суръати бўйича Қозоғистон рейтингдаги иқтисодиётлар орасида 6-ўринни эгаллаган.

Харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига ЯИМ 45 286 доллар, ишчи кучи сони 9,77 миллион киши, ишсизлик даражаси эса 4,6 фоиз деб баҳоланган.

Экспертлар Қозоғистон учун жорий йилдаги асосий вазифалар қаторида давлат бошқарувига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, замонавий юқори технологик ишлаб чиқаришларга сифатли инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатнинг транзит салоҳиятини ривожлантириш, касб-ҳунар таълимини ислоҳ қилиш ҳамда сув ресурсларини сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда замонавий бошқариш тизимига ўтишни қайд этган.

IMD World Competitiveness рейтинги 38 йилдан бери эълон қилиб келинади. Уни шакллантиришда халқаро, миллий ва минтақавий ташкилотларнинг статистик маълумотлари ҳамда бизнес раҳбарлари ўртасидаги сўровлар ҳисобга олинади. 2026 йилги сўровномада қарийб 6 900 нафар топ-менежер иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон яшаш учун энг яхши давлатларнинг жорий йилги халқаро рейтингида Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг