Қозоғистонда бурқа кийишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда
Олам
−
14 Июнь
6543Қозоғистонда жамоат жойларида бурқа кийишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда “Zakon.kz” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси Парламенти қуйи палатаси – Мажлиснинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси аъзоси Эрмурат Бапи дин, бузғунчи ва ноанъанавий диний оқимлар масалаларини тартибга солувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқиш зарурлигини маълум қилди.
“Қонун қабул қилингандан сўнг мамлакатда кўплаб масалалар ўз ечимини топади, жумладан, ўқувчилар мактабга диний кийимда борганида қандай муносабат қилиниши ҳам. Мен ушбу қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бириман, унда қандай нормалар киритилишини биламан, лекин ҳужжат нормалари ишчи гуруҳ йиғилишида муҳокама қилиниши учун олдиндан бир нарса дея олмайман”, дейди депутат.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгиланди.
Қонун билан жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Шунингдек, ушбу ҳолатда тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар ҳам мавжуд.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь