Қозоғистон 93 миллион “бекорчи”га ЕОИИда иш топиш ташаббуси билан чиқди

Олам

image

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари Қозоғистон ташаббуси билан иттифоқ доирасида фаолият юритувчи электрон меҳнат биржасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда республика Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

“Мавжуд иш ўринлари ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини берувчи “Чегарасиз иш” ягона қидирув тизими ишга туширилди. Евроосиё электрон меҳнат биржасини (Қозоғистон Республикаси ташаббуси) ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.  

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда ЕОИИ давлатларининг меҳнатга лаёқатли фуқаролари сони 93 миллионни ташкил этади, улар учун иттифоқнинг исталган давлатида ишлаш учун тенг шароитлар яратилган. 

Вазирлик, шунингдек, ЕОИИ доирасида бандлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида улкан ишлар амалга оширилганини билдирган.  

“Масалан, жорий йилда ЕОИИ платформаси бўйича ЕОИИга аъзо давлатларда илмий даражалар тўғрисидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш тўғрисида келишув имзоланди, бу эса иш билан таъминланган давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ таълим ҳужжатларини тан олиш тартиб-қоидаларини амалга оширмаслик имконини беради. Кўпгина мутахассисликлар бўйича (педагогик, юридик, тиббий ва фармацевтикадан ташқари) таълим ҳужжатлари ЕОИИга аъзо давлатлар ҳудудларида ўзаро тан олинади ва бу меҳнат мигрантларини ҳужжатларни тан олишнинг узоқ ва қиммат процедураларидан ўтишдан озод қилади”, дейилади матбуот хабарномасида.

Бундан ташқари, ташкилот мамлакатларидаги ишчилар учун пенсияларни ҳисоблаш масаласи ҳал этилгани эслатилган.

Маълумот учун, Евроосиё иқтисодий иттифоқига Россия бошчилигида Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши онлайн саммитида Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олганини урғулаб, ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон ЕОИИ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг