Қойил! Чусовитина рекордини янгилади, у Токиога боради

Спорт 3184
image

Ўзбекистонлик спорт гимнастикаси бўйича етти карра олимпиада ўйинлари иштирокчиси Оксана Чусовитина 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган Ёзги олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. 

Бу Чусовитинанинг фаолияти давомида саккизинчи олимпиададаги иштирок бўлади. Оксананинг Гиннес рекордлари китобидаги рекорди янгилади.

Германиянинг Штутгарт шаҳрида бўлиб ўтаётган спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати баҳсларининг таяниб сакраш турида иштирок этаётган 44 ёшли Чусовитина индивидуал баҳсларда Олимпиада йўлланмасини берувчи нормани бажарди ва саккизинчи бор бундай нуфузли турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Чусовитинадан ташқари мазкур мусобақада иштирок этаётган яна бир ўзбекистонлик спортчи Расул Абдураҳимов яккалик баҳсларда қайд этган натижаси билан олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ўзбекистонлик спортчилар сони айни вақтга келиб 10 нафарга етди.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1975 йилнинг 19 июнида туғилган. У 1992 йилдан бошлаб 2016 йилга қадар ўтказилган еттита олимпиада ўйинларида иштирок этган. Бу спорт гимнастикаси тарихидаги энг яхши натижа бўлгани сабаб, спортчи 2016 йилда Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган. 

Оксана Чусовитина 1992 йилда МДҲ терма жамоаси таркибида олимпиада олтин медалини қўлга киритган. 2008 йилги Пекин олимпиадасида эса Германия терма жамоаси сафида иштирок этиб кумуш медалига сазовор бўлган. Бундан ташқари у уч карра жаҳон чемпиони (биттасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида), тўртта кумуш (иккитаси Ўзбекистон терма жамоаси таркибида) , тўртта бронза (учтаси Ўзбекистон таркибида) медалларини қўлга киритган.

Икки карра Осиё ўйинлари чемпионлигини, тўртта кумуш ва иккита бронза медалларини қўлга киритган. Германия терма жамоаси билан эса Европа чемпионлиги ва Европа чемпионатининг тўртта кумуш медалини қўлга киритган.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3.1
Будьте в курсе событий!
×
×