Қорақалпоқ тадбиркорларига хомашёни ташиш учун имтиёз миқдори оширилади

Жамият

image

Қорақалпоғистон тадбиркорларига экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун сотиб олинган хомашёларни ташиш харажатларининг 70 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 26 август куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдаги ташқари сессиясида айтиб ўтди.

Қорақалпоғистонда саноат лойиҳаларини кўпайтириш мақсадида мутасаддиларга:

•    Инвесторларга кўмак марказини ташкил этиш, унда қорақалпоғистонлик тадбиркорларга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, субсидия, кредит ва компенсация олиш, маҳсулотига бозор топишга кўмаклашиш бўйича бепул хизматлар кўрсатиш;

•    Инвесторларга кўмак маркази қошида Нукус шаҳридаги 10 гектар ер майдонида Саноат технопаркини ташкил этиш;

•    Кегейли ва Хўжайли туманларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш;

•    беш йил муддатга фақат Қорақалпоғистон тадбиркорларига экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун сотиб олинган хомашёларни, мамлакатимиз бўйлаб ташишда 70 фоиз транспорт харажатларини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш ва бошқа топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари Қораўзакда мис ишлаб чиқариш, Қўнғиротда янги каустик сода ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқариш заводларини қуриш каби йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.

Эслатиб ўтамиз, Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари сессиясида парламент раиси Мурат Камалов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аманбай Тлеубаевич Оринбаев номзоди кўрсатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг