Қорақалпоғистонлик деҳқонга “Дўстлик” ордени берилди

Жамият

image

Бугун, 30 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича йиғилишда қорақалпоғистонлик Генжимурат Турдимуратов “Дўстлик” орденига лойиқ кўрилди. Бу ҳақда Президентнинг тегишли фармони ҳам қабул қилинди.

Қайд этилишича, онлайн йиғилиш давомида давлат раҳбари ҳудудлардаги уста деҳқонлар ва томорқа эгалари билан мулоқот қилган. Ушбу мулоқот давомида сўзга чиққан Генжимурат Турдимуратов ҳовлисидаги иссиқхонадан йилига 4 марта ҳосил олиб, юқори даромад топаётгани ҳақида гапирган. Президент Генжимурат Турдимуратовни  “Дўстлик” орденига лойиқ, деб топган. 

“Мамлакатимизда томорқачилик фаолиятини ривожлантириш, жумладан, мева-сабзавотчилик ва кўчатчиликни самарали йўлга қўйиш, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, ўзининг ташаббускорлиги, омилкорлиги, бой тажрибаси ва меҳнатсеварлик фазилатлари билан бошқаларга шахсий намуна кўрсатиб келаётгани ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги шахсий томорқа ер эгаси   Генжемурат Даулетмуратович Турдимуратов “Дўстлик” ордени билан мукофотлансин”, дейилади фармонда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 13 декабрь куни бўлиб ўтган видеоселекторда дунёнинг энг руҳлантирувчи “Топ-100” аёли рўйхатига кирган деновлик тикувчи Дилором Йўлдошева Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ “Мардлик” ордени билан мукофотланганди. Дилором Йўлдошевага орденни Президент номидан Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов топширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг