Қорақалпоғистонда постга ҳужум қилиниб, қурол-яроғлар тортиб олингани айтилди
Жамият
−
04 Июль 2022
27496Қорақалпоғистонда 300 нафар нафар намойишчи Нукус шаҳридаги блок постда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий Гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шумовая граната, щит) қўлга киритган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий баёнотида айтилган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 июль куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳар томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, Нукус шаҳридаги блок постда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий Гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шумовая граната, щит) қўлга киритган.
Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан хужум уюштирилиб, қурол-яроғ тортиб олинган, “Нукус халқаро аэропорти”га, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган.
Оммавий тартибсизликлар давомида Нукус шаҳридаги “Las Vegas” кафеси ёнида давлат рақами 40 L 340 QA бўлган MAN русумли юк транспорт воситаси, “Эски шаҳар”даги марказий масжид олдида давлат рақами 01 267 UFA бўлган “КамАЗ” русумли юк транспорт воситаси, Шуманай туманидаги “Исмоилов Жабборберген” фермер хўжалигига тегишли бўлган вагон ёқиб юборилган.
Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги “Дўстлик” канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига ҳам кўплаб талафотлар етказилган.
Оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар аниқланган ҳолатларга кўра, жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган.
Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда
LiveБарчаси