Қорабоғдаги жангарилар қурол-яроғларини топширяпти – Россия
Олам
−
23 Сентябрь 2023
9223Тан олинмаган Тоғли Қорабоғдаги арман ҳарбий бўлинмалари қурол-яроғ ва техникаларини топширишни бошлади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги деб хабар бермоқда.
“Эришилган келишувларга мувофиқ, Қорабоғ қуролли тузилмалари Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида қурол-яроғларни топширишни бошлади”, дейилади хабарда.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 22 сентябрь ҳолатига кўра, олти бирлик зирҳли техника, 800 дан ортиқ ўқотар қуроллар ва танкка қарши қуроллар, 5 мингга яқин ўқ-дорилар етказиб берилган.
Шунингдек, Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғда бир кунда икки марта ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ҳолатини аниқлаган, аммо қурбонлар йўқлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳарбий идора Россия тинчликпарвар кучлари томонидан Қорабоғнинг тинч аҳолиси учун 10 ой давомида тўсиб қўйилган Лочин йўлаги орқали 50 тоннадан ортиқ гуманитар юк етказиб берилгани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. 20 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 да мазкур тадбирлар тўхтатилди. 21 сентябрь куни Евлах шаҳрида Қорабоғ арман жамияти вакиллари Озарбайжоннинг масъул вакили билан учрашиб, музокара ўтказди.
LiveБарчаси