“Қорабоғда вазият кескинлашиши мумкин”. Пашиян Путинга дийдиё қилди

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбат қилиб, унга Қорабоғдаги вазият кескинлашиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларини етказган. Бу ҳақда унинг ўзи бугун, 14 март куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Путин ва Пашинян ўртасида мулоқот кеча, 13 март куни ўтказилган. 

“Россия Федерацияси Президенти билан суҳбат асосан (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятнинг кескинлашуви хавфига бағишланди. Мен россиялик тинчликпарвар кучларнинг масъулият зонасида муаммолар борлигини таъкидладим ва баъзи маълумотларни етказдим”, деган Пашинян. 

Кремлнинг маълум қилишича, телефон суҳбати расмий Ереваннинг талаби билан уюштирилган. 

Суҳбатда 2020-2022 йилларда Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасидаги келишувларнинг бутун мажмуасини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари, жумладан, Арманистон-Озарбайжон чегарасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақада иқтисодий ва транспорт алоқаларини тиклаш ҳамда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлаш бўйича қадамлари муҳокама қилинган. 

Путин барча юзага келаётган муаммоларни конструктив тарзда, томонларнинг Россия тинчликпарвар кучлари билан яқин алоқада ва ўзаро ҳамкорлигида ҳал қилиш зарурлигини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 5 март куни эрталаб Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳарбий юкларни ноқонуний етказиб бераётган арман автомобилини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, автомобиль йўловчилари Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўт очган. Отишма оқибатида Озарбайжон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Арманистон томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Озарбайжон айни вақтда Арманистонни Қорабоғга қурол-яроғ, миналар ва ўқ-дорилар тўплаётганликда айбламоқда.

Ўз навбатида Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик ва Тоғли Қорабоғга Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирганди. Шунингдек, Озарбайжон халқни бўйсундириш учун Тоғли Қорабоғни этник тозалаш ва геноцидга дучор қилишга тайёрланаётганини қайд этди. Расмий Баку эса бу даъволарини бемаънилик деб атади.

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Никол Пашинян Озарбайжон-Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг