Тошкентни қор босди: пойтахтнинг оддий одамлар юрадиган йўллари қишга тайёрми?
Интервью
−
05 Декабрь 2022
10555Ёши улуғларнинг “қиш ғамини ёзда қил” деган ибораси бор. Охирги вақтларда ёғингарчилик мавсуми бошланиши билан анча камчиликлар кўзга кўриниб қоляпти. Ёмғирда пойтахт кўчаларини сув босса, қор ёғганда музлайди. Ёз ойларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик олиб борилганини айтган ташкилот мутасаддиларинику топиш амри маҳол. Икки кундан бери ёғаётган қор ҳам Тошкент шаҳри қишга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Туни билан тинмаган қор шаҳар кўчалари, йўлларини қоплади. Бунинг ортидан автобус, енгил автотранспорт воситалари ҳаракати сусайди. Тармоқлар эса ишга, ўқишга кеч қолаётганларнинг норозилигига тўлди.
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам Юсуповга кўра, ноқулай об-ҳаво ортидан келиб чиқадиган муаммолар олдиндан прогноз қилинган. Керакли техника, қум ва туз қоришмалари тайёрланган.
“Ишлар об-ҳавога қараб ташкил қилинади. Техника, керакли қурилмалар, туз-қум аралашмалари тайёрланади. Биринчи навбатда кўприк, туннель, марказий кўчалар, чорраҳага яқин жойлар тозаланади ва туз аралашмаси сепилади. Йўлнинг биринчи бўлиб музлайдиган қисми кўприклар ҳисобланади. Кейинги ҳолатларда қорнинг тезлашиши ҳамда қалинлашишига қараб иш жараёни ташкил қилинади. 2021 йилда йўлларни қордан тозалайдиган техникалар харид қилинган. Шунингдек, 70 дан ортиқ “Камаз” русумли машиналар олиб келинган”, дейди Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам Юсупов.
Эътибор берсангиз, ёғингарчилик мавсумида биринчи бўлиб, марказий кўчалар тозаланади. Шаҳар марказларида ҳаракатланиб, қор ёғганига ишонмайди ҳам одам. “Нима учун ёғингарчилик ёки бошқа вазиятларда биринчи эътибор шаҳар марказларига қаратилади?” деган ҳақли савол ўртага чиқади. Шу савол билан мутасаддига юзландик.
“Бу фикрингизга кўп ҳам қўшилмайман. Масалан, “Бунёдкор” кўчасидан Чилонзор туманига ўтиб, Тошкент шаҳридан чиқиб кетгунча, Тошкент шаҳрига кириб келиш, Аҳмад Дониш, Янги Фарғона йўли, Қўйлиққа олиб борувчи ва олиб келувчи йўллар, янги очилган Қушбеги даҳасидан Сергели, Янгиҳаёт туманларини боғловчи кўчалар ҳам эътибордан четда қолмаган. Сабаби бу кўчалардан катта ҳажмдаги юк машиналари кириб келади. Уларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ўтказгичлар ўрнатилган. Тошкент шаҳрида 77 та марказий кўча мавжуд бўлиб, уларнинг барчасига 2-3 мартадан қум сепилган, тозалаш ишлари тонгги 4 дан бошланиб, қор тозалаш машиналари ишга чиқиб кетган”, дейди Рустам Юсупов.