“Қонли январь” воқеаларида ҳалок бўлганларнинг сонига аниқлик киритилди

Олам 8062
image

Қозоғистонда январь ойида содир бўлган тартибсизликлар қурбонлари сони 230 дан 232 кишига етди. Бу ҳақда журналистларга бугун, 29 июнь куни Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев маълум қилди.

“Биздаги маълумотларга кўра, январь воқеаларида 232 киши ҳалок бўлган”, деган Чиндалиев тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлар сони ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Аввалроқ, Республика Бош прокуратураси ушбу воқеалар натижасида 230 киши ҳалок бўлгани, 4,5 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олгани ҳақида хабар берган эди.

Қозоғистон Бош прокуратураси жиноий таъқиб хизмати раҳбари ўринбосари Елдос Қилимжонов 1 июнь куни январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг 331 киши турли хил жазоларга ҳукм қилинганини маълум қилди. Умуман, республика бўйича январь воқеалари бўйича 5065 та терговга қадар текширувлар рўйхатга олинган. 

Расмий маълумотларга кўра, қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 243 та жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура “қонли январь” фожиаларидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчиларга нисбатан рухсат этилмаган сўроқ усулларини қўллаши оқибатида олти киши вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳалок бўлганини маълум қилган эди.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади.

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 55
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×