“Қонли январь” берган ваъдамизни бажаришимизга таъсир ўтказмайди – Тўқаев инвесторларга

Олам

image

Қозоғистонда содир бўлган “қонли январь” фожиаси Ҳукуматнинг инвесторлар олдидаги мажбуриятини бажаришига таъсир ўтказмайди. Давлат ҳамкорлари ва инвесторлар олдидаги мажбурият ва кафолатларни тўлиқ бажаради. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида сўз очган. 

Президент республикага хорижий сармояларни жалб қилиш бўйича “очиқ эшиклар” сиёсатини давом эттириш ниятида эканини айтган. Унинг қайд этишича, январь ойидаги тартибсизликлар сармоя бозорида ноаниқликни келтириб чиқарган. 

"Мамлакат президенти сифатида сизни ишонтириб айтмоқчиманки, хорижий инвестициялар учун "очиқ эшиклар" сиёсати бизнинг стратегик устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда. Давлат ҳамкорлар ва инвесторлар олдидаги мажбурият ва кафолатларни тўлиқ бажаради. Январ инқирози бозор иқтисодиётига, қонун устуворлигига, халқаро ва ички мажбуриятларни бажаришимизга таъсир қилмади. Аксинча, янада такомиллаштиришга туртки бўлди”, деб таъкидлайди Қозоғистон Президенти. 

Унинг фикрича, январь фожиаси мамлакат сиёсий ва иқтисодий тизимининг хавфсизлиги чегарасини кўрсатган. 

“Ишончим комилки, барча маълумотларнинг оз фурсатда расмий эълон қилингани бизнинг ҳаракатларимиз мутлақо асосли эканлигини ва фақат мамлакат яхлитлигини сақлаш, фуқароларимиз ва тадбиркорлик субъектларининг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишга қаратилганлигини ишончли исботлайди”, деди Тўқаев. 

Унинг таъкидлашича, иқтисодий ислоҳотлардан асосий мақсад ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш кўрсаткичлари ва жаҳон рейтингидаги ўринлари эмас, балки қозоғистонликлар турмуш даражасини оширишдир. 

“Албатта, тадбиркорларнинг янги синфини шакллантирмасдан, шунингдек, юқори сифатли инвестициялар оқимисиз бу мақсадга эришиб бўлмайди. Элита, коррупция ва олигополияга мойиллик, алоҳида манфаатлар ва имтиёзларга барҳам бериш тўғрисида халққа ва ҳалол бизнесга берган ваъдамиз тўлиқ амалга оширилади”, дейди Тўқаев.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг