Қодировнинг ўғиллари Чеченистон амалдорларининг фарзандларига яширинча уйланган – ОАВ

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг икки ўғли Эли ва Адам мамлакатдаги нуфузли амалдорларнинг қизларига уйланган. Бу ҳақда “Novaya Gazeta Europe” нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Ёзилишича, Қодировнинг икки вояга етмаган ўғли – 17 ёшли Эли ва 16 ёшли Адам отасининг яқин сафдошлари ҳисобланадиган Давлат Думаси депутати Адам Делимхоновнинг набираси ва сенатор Сулаймон Геремеевнинг қизи билан яширинча оила қурган.

Энг қизиғи, келинлардан бири 14 ёшда ва у Делимхоновнинг набираси. Манба депутат набирасининг оммавий видеолари таҳлили ва унга яқин бўлган инсонлар билан суҳбатлашгандан сўнг шундай хулосага келган. Бироқ журналистлар иккинчи келиннинг ёшини аниқлай олмаган. Шунингдек, Чеченистонда жорий йилнинг 8 июнь куни тўйлари нишонланган тўрт нафар янги турмуш қурганларнинг камида учтаси вояга етмаганлардир.

Тўй ҳақидаги маълумотлар бахтсиз ҳодиса туфайли маълум бўлди. Хабарларга кўра, тўй кортежи туфайли Кавказ федерал магистрали тўсиб қўйилди. Конвойдаги биринчи автомобиль – зирҳли Rolls-Royce тасодифан ўзига қараб келаётган йўловчи машинани уриб юборган. Ҳайдовчи шифохонага ётқизилган, кортеж эса тўхтамасдан ҳаракатни давом эттирган.

“Нуфузли ёки мутлақо содиқ чечен оилалари билан никоҳ иттифоқи Қодиров учун унинг ўзи ҳокимиятдан ёки бу дунёдан кетганидан кейин болаларининг хавфсизлиги учун кафолат вазифасини ўтайди”, деб ёзади нашр Қодировнинг касаллиги ҳақидаги турли хабарларга ишора қилиб.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг 16 ёшли ўғли Адамни Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлари университетига куратор этиб тайинлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров Чеченистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг