Қодировнинг болалари ҳурматли меҳмонлар сафида Дубайдаги саммитга борди
Олам
−
04 Декабрь 2023
7987Дубайдаги иқлим саммитида Россия делегацияси таркибига Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг фарзандлари – 23 ёшли Хадичат ва 18 ёшли Аҳмад ҳам киритилди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.
Чеченистон мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи бўлган Хадичат Қодированинг иштироки, аввалроқ бошқарма матбуот хизмати томонидан маълум қилинган. Таъкидланишича, саммит доирасида Қодировнинг қизи икки томонлама учрашувлар, шунингдек, турли секцияларда тақдимотлар ўтказишни режалаштирган.
Чеченистон мактабгача таълим бошқармасининг аниқлик киритишича, Қодирова аллақачон Фаластин Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги раҳбари Нисрин Тамими ва Сурия Атроф-муҳит вазири Ҳусайн Махлуф билан учрашган. Чеченистон раҳбарининг қизи икки давлат вакилига ҳам "инсонпарварлик фаолиятнинг аҳамияти" ҳақида гапириб берган.
Ўз навбатида, Аҳмад Қодиров COP 28 иштирокчилар рўйхатига "Умумроссия ижтимоий-давлат ҳаракати минтақавий бўлими кенгаши раиси" сифатида киритилган. Қодировнинг ўғли бўлим бошлиғи лавозимига тайинлангани ноябрь ойида республика парламенти раҳбари Магомед Даудов томонидан эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Дубайдаги иқлим саммити доирасида Польша, Латвия ва Литва Президентлари Беларусь резиденти Александр Лукашенко билан биргаликда суратга тушишдан бош тортганди.
LiveБарчаси