Қодиров “Сквер”даги тартибсизликни провокация деб атади
Жамият
−
15 Июль 2021
6290Аввалроқ, 13 июль куни тахминан соат 22:30 ларда “Субо” номи билан танилган россиялик блогер Субхан Мамедов билан учрашиш учун Тошкент шаҳрининг Амир Темур хиёбонида 200 га яқин фуқаролар карантин чекловларига риоя этмасдан тўплангани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП раиси Алишер Қодиров муносабат билдириб, қуйидагиларни қайд этди:
“Бу провокация. Пул бераман, деб қанча одамни йиғиш мумкинлигини кимлардир текшириб кўрди. Пул учун давлати, ғурури ва шарафидан билиб ё билмай кечадиганларни тахминан қанча эканини биз ҳам билиб олдик…”.
Шунингдек, Алишер Қодиров ўз мурожаатида юқоридаги ҳолат ечимини тарбия ва таълим тизими билан боғлаган.
“Бундай “ўйинчоқлар” аввал ҳам бўлган, бугун ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Хулоса қилиш керак! Тарбия ва таълим тизими ақли расо ва тафаккури тирик янги авлодни тайёрлаб бермас экан тараққиётимизга таҳдидлар ўзимиздан чиқаверади!”, дея қайд этган депутат.
Эслатиб ўтамиз, ярим тунда мухлисларини тўплаган россиялик блогерга нисбатан чора ҳам кўрилди. Бундан аввал у узр сўрашга ҳам улгурган.
Қайд этиш керакки, юқоридаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам муносабат билдириб, йиғинда ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига мутлақо риоя этилмаганини таъкидлаган.
LiveБарчаси