Қодиров халқ катта эҳтимол билан Мирзиёевни сайлашига ишора берди

Интервью 9385

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида фаолият юритаётганига яқинда 5 йил тўлади. Хўш, бу муддат ичида ЎзЛиДеп кўрсатган номзод – Президент Мирзиёев қанчалик ўзгаришлар қила олди? Унинг фаолиятига рақиб партиялар қандай баҳо беради. Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов “Миллий тикланиш” партияси раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодировга мурожаат қилди. 

Қодировга кўра, Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон тарихий бурилиш даврини бошдан кечирган. 

“Очиқ тан олиш керак, мана шу беш йил Ўзбекистондаги тарихий бурилиш эди. Рақиб бўламизми, бўлмаймизми, гап бунда эмас. Ўзбекистон учун бурилиш даври бўлганини тан олиш керак. Мен юқорида айтиб ўтганимдек, очиқ, шаффоф, рақобатбардош бўлишнинг тагида ҳам мана шу ўзгаришлар ётади, аслида. Гап Ўзбекистоннинг ўзгариши билан боғлиқ бўладиган бўлса, муаммолар эътироф этилди ва уларнинг ечими бўйича ҳаракатлар бошланди. Бу ҳаракатлар беш йил учун камми ё кўпми, буни албатта, вақт кўрсатади. Лекин амалга оширилган ишларни, албатта, эътироф этиш керак. Чунки, ютуқ барибир халқимизники, Ўзбекистонники”.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан амалдаги давлат раҳбари Президент сайловида яна бир бор ўз номзодини кўрсатиши мумкин. Бордию Шавкат Мирзиёев яна Президент сайловида иштирок этса ва ғалаба қозонса, “Миллий тикланиш” бу мағлубиятга тайёрми? Алишер Қодиров ушбу саволга қуйидагича жавоб берди: 

“Аввало, биз сайловлар пайтида рақобат қилмоқчимиз. Сайловлар пайтида сайловчиларга ўз таклифларимизни бермоқчимиз. Сайловчиларимизнинг қарори биз учун ҳар доим ҳурматли. 

Биз партияда ҳуқуқшунослар гуруҳини шакллантирдик. Бутун сайлов жараёнида бизнинг ҳуқуқларимизга қарши ҳуқуқбузарлик бўлдими, бўлмадими, буни қаттиқ назоратга оламиз ва кузатиб борамиз. Сайловнинг якунида ҳуқуқларимиз поймол қилинмаган бўлса, партия бунга эътироз билдирмайди”, дейди Алишер Қодиров. 

Партия раиси сўзида давом этаркан, кутилаётган сайлов осон бўлмаслигини алоҳида урғулади. Шунингдек, у катта эҳтимол билан халқ Мирзиёевни сайлаши мумкинлигига ишора берди: 

“Бир нарсани тан олиб айтиш керак, халқимиз бир инсонга меҳр қўйса, шу меҳрни ўзгартириш жуда қийин. Шу ўринда, бир мисол келтираман, Буюк Британияда II Жаҳон уруши пайтида Уинстон Черчил ҳаракатларини кўрайлик. У мамлакатни ҳақиқатан ҳам инқироздан олиб чиқиб кета олди. Лекин уруш тугагандан кейин, биринчи сайловдаёқ мағлуб бўлди. Англия сайловчилари Уинстон Черчилнинг уруш пайтидаги қаҳрамонлигини урушдан кейинги иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириши учун етарли деб ҳисобламади ва очиқчасига совуққонлик билан ундан воз кечди. Бизнинг сайловчиларимиз ундай эмас. Мана шундан хулоса қиламизки, одамларга ўз фикримизни етказиб бериш учун янада қаттиқ тер тўкишимиз керак ва бунга ҳаракат қилишимиз лозим. Осон сайлов бўлмаслиги аниқ. Одамларга биз энг қуйигача тушган ҳолатда тушунтиришимиз, жойларда ҳар бир ғоямизни нима учун Ўзбекистонга зарур эканлигини исботлашимиз керак”.

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров билан суҳбатни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 3
t
×