Қодиров эффекти ёхуд Олтинсой жанжалининг панадаги ҳақиқатлари
Таҳлил
−
17 Февраль 2020
28516Сал аввал Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида аҳоли ва ИИБ вакиллари ўртасида келиб чиққан жанжал ҳақида хабар қилгандик.
Ўша куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров воқеага муносабат билдирганди.
Бу ҳозиргача катта тортишувларга сабаб бўлмоқда.
Воқеани тўлиқ таҳлил қилишдан аввал холислик мезонини тутган ҳолда, сизлардан танганинг иккинчи тарафига ҳам эътибор қаратишингиз ва фикр эркинлигини ҳурмат қилишингизни сўраб қолардим. Демократия шундай тизимки, унда аҳмоқнинг ҳам гапиришга ҳаққи бор. Қонун доирасидаги фикр учун жазоланмаслик керак. Ким гапиргани эмас нима дегани муҳим бўлсин.
Қодиров нима деди?
Қодиров: “Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши, жамоат тартибига путур етказиш ҳаракатлари қонунларимизга ҳам, қадриятларимизга ҳам зид бўлган жиноят сифатида баҳоланиши керак”.
Алишер Қодиров барча ҳолатларни кўрмай туриб, депутат сифатида бундай фикрни билдирмаслиги керак эди. Қонун бузилганми ёки йўқ? Қонун бузилган бўлса, қай даражада бузилган? Уни кимлар бузган? Ички ишлар ходимларими, фуқароларми ёки ерга масъул бошқа ташкилотлар? Буларга баҳо берувчи бир қатор ташкилотлар бор ва тўлиқ ўрганиш учун вақт талаб этади. Унгача хулоса қилишга шошилмаган маъқул.
Жиноят кодексининг 277-моддаси (майда безорилик) бор. Халқ орасида ушбу модда “дежурная статья” деб аталади. Жамоат тартибига қарши ҳаракатлар ҳисобланади. Аксар судлар томонидан ушбу модда доирасида ишлар кўриб чиқилишида Олий суд пленумининг “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорига амал қилинмай келинмоқда. Алишер Қодировдан Парламент вакили сифатида мазкур муаммони кўтариши, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш деганда айнан нима тушунилиши лозимлиги қонун билан алоҳида мустаҳкамланишида ташаббус кўрсатишини сўраб қолардим.
Қодиров: “Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатлари устуворлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш, турмуш шароитларини ўзгартириш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар асло мамлакатимизда қонун устиворлигини таьминлашга тўсқинлик қилмайди. Зеро қонун устувор бўлган давлатлардагина халққа самарали хизмат қилиш мумкин”.
Албатта, бўлаётган ўзгаришларни эътироф этмай иложимиз йўқ. Ютуқларимиз бир қанча. Бироқ улар ўзимиз билан қолади. Бу ерда эса бир қанча саволлар туғилади: мавжуд қонунлар барчага тенг ишлаяптими? Айрим мансабдорлар оддийгина узр билан жазодан қутулиб қолиши кимга ёқади? “Узр челлендж”лар вақти қаерда эдингиз? Нега депутат деганда, фақат Расул Кушербоевни тушунишимиз керак? Ўтган воқеалар сизга бой жиноят қилса – шўхлик, камбағал шўхлик қилса жиноят принципини эслатмаяптими?
Қодиров: “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ушбу жиноят очиқ тергов қилиниши ва айбдорларга кескин жазо белгиланиши керак”.
Бу гап эса жуда тушунарсиз ва кулгули бўлиб қолган. Ҳуқуқ тизимида очиқ суд деган тушунча мавжуд. Очиқ суд давомида судга тегишли суд тергови ҳам олиб борилади. Аммо бизнинг ҳуқуқ тизимимизда “очиқ тергов” деган жумлани учратмаймиз. Алишер Қодиров ва бошқа расмийларга тавсиямиз ҳуқуқий терминлар ҳақида билимингиз етарли бўлмаса, яхшиси фикрингизни соддароқ тилда тушунтирганингиз маъқул.
Бундан ташқари, бизнинг санкцияларимиз жазолашга эмас, инсонни қайта тарбиялашга, либерализмга қаратилган. Унда барча енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади. Давлатнинг асл сиёсатини тушунмаган инсон айнан қонун чиқарувчи ҳокимиятда ишлаши ачинарли ҳолат эмасми?
Комментда нима гаплар?
Шунингдек, Алишер Қодиров Facebook ижтимоий тармоғидаги постига ёзилган изоҳларга ҳам муносабат билдирган. Фойдаланувчилардан бири Қодировнинг изоҳига нисбатан “Сиздан нима кутиш мумкин? Халқни айблаш осон. Ҳақиқий депутат сайланмагунча шу аҳвол”, деб фикр билдиради. Қодиров ушбу мулоҳазани жавобсиз қолдирмай, шундай жавоб қайтаради:
“Халқни айблаш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Халқ айблайди. Қози ҳам, амалдор ҳам халқ номидан иш қилади. Давлат хизматчисига куч ишлатиш мумкинмас. Халқ шундай қонунни маъқуллаган. Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли. Фикрингиздан жуда ҳам таъсирланганим йўқ”.
Ушбу ҳолатда эса Қодиров ҳиссиётга берилишни бошлаган ва айнан шу каби изоҳлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг медасига теккан ва унга қарши кескин норозиликларини ифодалашган. Кейинроқ, Қодиров ушбу изоҳини ўчиришга мажбур бўлган. Халқ вакилидан бу каби масалаларда оғир ва мулоҳазали бўлишини кутиб қолардик.
Фойдаланувчилардан бири унга ишонч билдиришини айтиб ўтган. Унга жавобан Алишер Қодиров:
“…ишончингиз мен учун қадрли. Халқ номидан тўртта бебошни давлатга тош отишига “тўхта” демасак эртага нима бўлади. Ҳуқуқий маданиятни ўзгартирамиз. Ноқонуний қурилиш – амнистия, зўравонлик – кўз юм, товламачига ўз қўли билан пул берган – давлат ҳисобидан қайтариб бер, ноқонуний ер ўзлаштириб ол – ҳоким айбдор... биз қачон ҳалқ бўламиз ўзи! Қачон давлат бўламиз бу кетишда!”.
Холис фикр билдирадиган бўлсам, бу жумлаларга қўшилмай иложим йўқ. Орада давлат мана шундай фуқароларнинг манфаатини ҳисобга олиб “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси”ни ҳам жорий қилди. Шу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди. Акция 2019 йилнинг 1 майида тугади. Давлат одамларга имкон берди.
Тарқалган видеолар саволларни пайдо қилмоқда
Мавжуд видеоларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Халқобод” маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса “акция” муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган. Агар бу рост бўлса, қонунан мумкин эмас. Лекин кейинроқ тарқалган видеода “акция” муддати тугагач, тумандаги “Бобур” фермер хўжалигида 72та мана шундай қурилган уйларга кадастр ҳужжатлари қилиб берилгани айтилмоқда.
Биринчидан, уларга ноқонуний рухсат берилди дегани, бошқаларга ҳам рухсат берилсин деган маънони англатмайди. Иккинчидан, агар чиндан ҳам бу вазиятда қонун бузилган бўлса, давлат қонуний чора кўриши керак. Ўзбошимчалик билан эгалланган мулкни бузиш белгиланган қонун талабларига амал қилинган ҳолда амалга оширилиши зарур.
Ер кодексига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Бу масала ортидан ер муносабатларига оид бир қанча муаммолар қайд этилмоқда. Давлат фермерга берган ижара ерини фуқароларга уй-жой қуриш учун сотиб юбориш амалиёти ҳамон учраб турибди. Қодировга кўра, янги Парламент ушбу муаммо устида ишламоқда ва бу тез орада ўз ечимини топади.
Бошқа бир тарқалган видеода калтак еяётган ёши катта отахон, юз қисмидан яхшигина жароҳат олган фуқаро, судраб кетилаётган аҳоли вакилларини кўриш мумкин. Бу каби ҳолатлар қарс икки қўлдан чиқишини кўрсатмоқда. Аммо негадир прокуратура баёнотида иккинчи тараф тингланмагандек.
Демак, тегишли комиссия ҳар хил гап-сўзларга барҳам бериш учун вазиятни тўлиқ ўрганиши, унга холис баҳо бериши ва айбдорларга жазоланиши лозим. Шу ўринда, комиссия қиш фасли эканини ҳисобга олиб инсонийлик нуқтаи назаридан уйсиз қолиши мумкин бўлган фуқароларнинг ҳам манфаатини ҳисобга олади, деган умиддамиз.
LiveБарчаси