Қодиров амалдорлардан фуқароларнинг дўкондаги қарзини узишни сўради
Олам
−
04 Апрель
14527Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мансабдорларни маҳаллий аҳолининг озиқ-овқат дўконларидаги қарзларини ўз зиммасига олишга чақирди. Бу ҳақда у 3 апрель куни Грознийда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда айтиб ўтди.
Қодиров йиғилишда ўз она тилида гапириб, “кўпчилик молиявий қийинчилик сабабли кредитга маҳсулот сотиб олишга мажбур бўлаётгани"ни маълум қилди.
“Мен Ҳадижатдан (Ҳадижат Қодирова – Рамзан Қодировнинг қизи, Чеченистон ҳукумати ва маъмурияти раҳбари ўринбосари) SMS олдим, кўп одамлар молиявий имконият йўқлиги сабабли товарларни қарзга олишга мажбур бўлмоқда экан. Уларнинг қарзларини ёпишга ёрдам берсангиз савоб бўлади. Халқ биздан рози бўлади. Ўрнак сифатида мен ўзим яшаётган ҳудуддаги камбағалларнинг бор қарзларни тўлаб бераман”, деган Чеченистон раҳбари.
Қодировнинг сўзларини йиғилишда иштирок этаётган расмийлар олқишлаган.
Маълумот учун, Чеченистонда маҳаллий аҳоли кичик дўконлардан озиқ-овқатларни фоизсиз қарзга олиши мумкин.