Қочқинлар муаммоси. Еврокомиссия Польша, Литва ва Латвияни инсофга чақиряпти

Олам

image

Еврокомиссия Польша, Литва ва Латвияга Беларусь билан чегараларида миграция инқирози фонида фавқулодда вақтинчалик чоралар кўришни таклиф қилди. Гап мигрантларни қабул қилиш тартибини соддалаштириш ҳақида кетмоқда. 

Бу ҳақда Еврокомиссия вице-президенти Маргаритис Схинас Еврокомиссиянинг ички ишлар бўйича вакили Ильва Юханссон билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. 

Таклиф этилаётган чора-тадбирлар, агар улар узайтирилмаса ёки бекор қилинмаса, 6 ой ичида қўлланилиши ва Беларусдан Европа Иттифоқига ноқонуний равишда келган ёки чегара яқинида жойлашган Европа Иттифоқидан ташқаридаги мамлакатлар фуқароларига тегишли бўлиши тахмин қилинмоқда. 

Схинаснинг сўзларига кўра, Польша, Литва ва Латвияга бошпана сўровларини рўйхатга олиш муддатини ҳозирги 3-10 кун ўрнига 4 ҳафтага узайтириш таклиф қилинган. 

Бошпана олиш учун ариза бериш жараёни 16 ҳафтагача давом этиши мумкин. 

Шунингдек, “учта давлат халқаро ҳимоя олиш учун аризалари рад этилган шахсларни чиқариб юборишнинг соддалаштирилган тартибларини қўллаши мумкин”, дейди Еврокомиссия вице-президенти. 

“Бугун биз Европа Иттифоқига аъзо давлатларни ушбу фавқулодда вазиятни инсон ҳуқуқларини бузмасдан ҳал қилиш ва чегараларимиз ва фуқароларимизни ҳимоя қилиш учун қўллаб-қувватлаяпмиз. Бу мамлакатларга бошпана ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва ўз қонунчилигини Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқлаштириш имконини беради”, дейди Ильва Юханссон ўз навбатида.

Чегарадаги вазият

Жорий йилнинг ноябрь ойида Беларусь ва Польша чегараси яқинида асосан курдлардан иборат муҳожирлар гуруҳи тузилди, уларнинг сони 2 минг кишидан ошди. Муҳожирлар Польша билан чегарани Гродно вилоятидаги “Брузги” назорат-ўтказиш пунктида бузиб ўтишга уринган, бироқ уриниш Польша хавфсизлик кучлари томонидан махсус техника ёрдамида тўхтатилган. Беларусь ҳукумати муҳожирларни жойлаштириш учун чегара пости яқинида жойлашган транспорт-логистика марказини тайёрлаган. 

Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек АҚШ ва Буюк Британия Беларусь ҳукуматини инқирозни кескинлаштиришда айблади. Беларусь Давлат чегара қўмитаси, ўз навбатида, Польшани инқирозли вазият яратиб, муҳожирларни Беларусь чегарасига суриб қўйганини айтмоқда. Минск бўлаётган воқеалар Варшаванинг “бефарқлиги ва ғайриинсоний муносабати” туфайли юзага келган, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, баъзи муҳожирлар Европа Иттифоқига кириш учун муваффақиятсиз уринишлардан сўнг уйларига қайтмоқда. 

Хусусан, ноябрь ойида Iraqi Airways Ироққа учта эвакуация рейсларини амалга ошириб, улар билан Беларусь ҳудуди орқали Европа Иттифоқига киришга уринган муҳожир фуқароларни уйларига қайтарди. Шунингдек, мигрантлар якка тартибда уйларига қайтмоқда. Шу билан бирга, савдо-логистика марказидаги қочқинлар Европа Иттифоқи мамлакатларига гуманитар коридорни кутиб, ўз ватанларига қайтиш истагини билдирмаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Беларусь Еврокомиссия

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг