Қобулда яна портлашлар эшитилди – CNN
Олам
−
30 Август 2021
6552Бугун, 30 август куни эрталаб Афғонистон пойтахти Қобулда бир нечта портлаш овозлари эшитилди. Бу ҳақда CNN гувоҳларга асосланиб, маълум қилди.
“Қобулда сўнгги соатларда портлашлар эшитилди”, дейилган хабарда.
Шу билан бирга, ҳозирча тахмин қилинаётган портлашлар ҳақида батафсил маълумот йўқлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 август куни АҚШ кучлари учувчисиз учиш қурилмаси ёрдамида Қобулда портловчи моддалари бўлган машинани йўқ қилганди. Ҳудкуш-автомобиль ИШИДнинг Афғонистондаги шохобчаси томонидан теракт уюштириш учун тайёрлангани айтилди.
Маълумотларга кўра, АҚШ қўшинлари ҳужуми натижасида иккита машина, шунингдек кўп қаватли уй қисман вайрон бўлган. Ҳодиса оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь