Қобул ИШИД ва “Толибон” ўртасидаги жанг майдонига айланиши мумкинлиги айтилди 

Олам 11045
image

Қобул ИШИД ва Афғонистонни ўз назоратига олган “Толибон” ҳаракати ўртасидаги жанг майдонига айланиши мумкин. Бу ҳақда НАТО вакили, Афғонистондан фуқароларни эвакуация қилиш ишларини мувофиқлаштирувчи Италиянинг Покистондаги собиқ элчиси Стефано Понтекорво “Messaggero” нашрига берган интервьюсида таъкидлаган.  

Унинг фикрича, Қобул аэропортидаги ҳужумлар ҳозирча вақти-вақти билан бўлиб турибди. 

“Яқин келажакда Қобул ИШИД ва “Толибон” ўртасидаги жанг майдонига айланиши мумкин”, деган дипломат. 

Шу билан бирга, у ҳозирги босқичда “Толибон” ИШИДни тўхтата олмаслигини, чунки унинг ҳеч қандай бошқарув тузилмаси йўқлигини айтган. 

“Толиблар уни қайта тикламоқчи, лекин бунга вақт керак. Шунингдек, улар ҳудудни тўлиқ ва мутлақ назорат қила олмайди, уларда бунинг учун етарли миқдордаги одамлар ҳам йўқ”, деган дипломат.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 197
Рейтинг: 3.1
t
×