Қобул аэропортидаги ваҳима неча кишининг ўлимига сабаб бўлди? (видео)
Олам
−
20 Август 2021
17319Жорий йилнинг 15 август куни “Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистон пойтахтини эгаллаганидан сўнг, Қобул аэропорти ва унинг атрофида камида 12 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги НАТО ва “Толибон” вакилларининг сўзларига таяниб хабар берган.
Қобулнинг қўлга олиниши ортидан мамлакатни тарк этишга уринган одамлар аэропортда тўплана бошлади. Исмини ошкор қилмаган “Толибон” вакилининг сўзларига кўра, одамлар отишма ва талотўпда ҳалок бўлган.
“Толибон” вакили аэропортга киришда тўпланган одамларни Афғонистонни тарк этиш учун қонуний асос бўлмаса, уйларига қайтишга чақирган.
“Биз ҳеч кимнинг аэропортда жароҳатланишини хоҳламаймиз”, дея қўшимча қилган у.
Қобул аэропорти АҚШ ҳарбийлари томонидан назорат қилинмоқда, бу эса АҚШ ва бошқа давлатлар дипломатларини эвакуация қилишга ёрдам беряпти. 15 августдан бери Ғарб давлатлари саккиз мингга яқин одамни эвакуация қилди.
Қобул қўлга киритилгандан сўнг, аэропортда ваҳима пайдо бўлди. Жорий йилнинг 15 август куни кечқурун юзлаб афғонлар учиш-қўниш йўлагига югуриб чиқиб, мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилди. Ўша куни АҚШ ҳарбий транспорт самолётларидан бири бир вақтнинг ўзида 640 дан ортиқ йўловчини олиб кетди.
16 август куни ҳам аэропортдаги тартибсизликлар давом этган. Бунинг фонида парвозлар деярли бир кунга тўхтатилган.
17 август куни кечқурун “Толибон” Афғонистон фуқароларини аэропортга киритилишини тўхтатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. АҚШ бунга жавобан мамлакатни тарк этишни истаган барча афғонларни аэропортга киришга чақирди.
18 август куни “Толибон” жангчилари аэропорт олдида тўпланган оломонни тарқатиш учун ҳавога ўқ узди. Маълумотларга кўра, 19 август куни ҳам бу ҳудудда ҳавога ўқ узилган, бунинг ортидан одамлар, жумладан болали аёллар қочиб кетган. Охирги ҳолатда “Толибон” ёки АҚШ ҳарбийлари ўқ узганлигига аниқлик киритилмаган.
Маълумот ўрнида, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Ўша куни Президент Ашраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси